Duden немис тили луғати таҳририяти 5 минг янги сўзни расман муомалага киритди. Бу ҳақида DPA агентлиги хабар берди. 

Сир эмаски, ҳар қандай тил ҳам муайян маънода "тирик материя" бўлиб, мунтазам ривожланиб боради. Жамият, ижтимоий-сиёсий ҳодисалар, янги техник қурилмалар ва кўплаб бошқа омиллар тилларга ўз таъсирини ўтказади. Бу тилда неологизмлар, бошқа тилдаги сўзларнинг пайдо бўлишига олиб келади. 

Масалан, АҚШдаги президентлик сайловларидан кейин немис луғатининг янги нашрида "фейк ньюс" каби тушунчалар пайдо бўлди, шунингдек 2016 йилнинг асосий немис неологизми - "постфактиш" (сиёсий ва ижтимоий муҳокамаларда ҳиссиётлар факталрдан кўпроқ аҳамиятга эга бўлиши) сўзини мисол қилиш мумкин. Бундан ташқари, янги нашрдаги немис тили луғатидан "селфи", "планшет" ва бошқа кўплаб сўзлар ўрин олди. 

"Гап техника ривожи ҳақида кетганда кўп тушунчаларнинг ҳаётимизга инглиз-америка ўлкаларидан келишига гувоҳ бўламиз", - деди Duden таҳририяти раҳбари Катрин Кункель-Рацум луғатнинг 27-нашри сотувлари бошланиши олдидан. Луғат китоби охирги марта 2013 йилда нашрдан чиққан. 

Duden луғати ўн йиллар давомида лексик бирликларни рўйхатга олиб борган ва бугунга келиб, уларнинг сони 145 мингга етган. 1880 йилда чоп этилган биринчи нашрда 27 минг лексик бирлик бўлган.