Жанубий Корея прокуратураси Samsung вице-президенти ва раҳбари Ли Чже Енга 12 йиллик қамоқ жазоси берилишини талаб қилди. Бу ҳақда euronews телеканали хабар берди. 

Таъкидланишича, 7 августда Сеулда унинг иши бўйича якуний эшитишлар бўлиб ўтди. Тадбиркор порахўрлик ва пул маблағларини сарфлаб юборишда айбланмоқда. У Жанубий Кореянинг собиқ президенти Пак Кин Хе аралашган иш фигуранти ҳисобланади.   

Тергов версиясига кўра, собиқ президентнинг дугонаси Чхве Сун Силь Ли Чже Ендан 38 млн доллар миқдорида пора олган. Бунинг эвазига тадбиркор Samsung’нинг бир қатор бўлимлари бирлашишида кўмак олган. Бу эса унга корпорация ичидаги мавқеини мустаҳкамлашга имкон берган.

Жазо ҳукми август охирида чиқарилиши керак. Ли Чже Ен февралдан турмада сақланмоқда. Судда у "Мен ҳеч қачон бировдан, жумладан президентдан компания ёки ўзим учун бирор наф сўрамаганман", деб айтган.

Жанубий Кореяда собиқ президент иштирокидаги коррупцион можаро 2016 йилда авж олган. Унда асосий иштирокчилар собиқ президент Пак Кин Хе ва унинг дугонаси Чхве Сун Силь ҳисобланади. Март ойида мамлакат конституциявий суди парламентнинг президентни импичмент қилиш қарорини тасдиқлаганди.