Ота-она учун фарзандининг камолини кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак. 1983 йилда Тошкент шаҳрида туғилиб-ўсган Шаҳриёр Сулаймонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган)нинг ота-онаси ҳам у туғилганида “ўғил кўрдик”, дея бир қувонишган бўлса, вояга етганида яна бир хурсанд бўлишгани, олий маълумот олганида эса бошлари осмонга етгудек бўлиб, ўғилларини дуо қилишгани бор гап. Аммо пайти келиб ана шу ўғил жиноятга қўл уришини, бу ҳам етмаганидек, икки нафар укаси – Бунёд ва Сардорни ҳам шу йўлга бошлаши етти ухлаб тушларига ҳам кирмаган бўлса керак, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Афсуски, ҳаётда ҳар доим ҳам ўйлаганингдек бўлавермас экан. Шаҳриёр укаларига ўрнак бўлиш ўрнига уларни эгри йўлга бошлади. Унга бу йўлда нафақат укалари, балки яқин қариндоши Ботир Сулаймонов, танишлари Аъзам Ҳайдаров ва Мурод Ўлмасов ҳам ҳамкорлик қилишди.

2016 йилнинг 26 июнь куни. Кечки пайтда Шаҳриёр бошчилигидаги гуруҳ Чилонзор мавзесида учрашиб, “ўлжа” кутишади. Уларнинг мақсади автомашинасида кўп миқдорда пули бўлган фуқароларга ҳужум қилиб, пулларини олиб қўйиш эди. Кўп ўтмай “Ласетти” русумли автомашинада анчагина маблағ борлигидан хабар топиб, ишга киришадилар. Қўлбола усулда ясалган давлат рақами тақилган “Нексия” русумли автомашинага ўтириб, “Ласетти” автомашинасини тўхтатишади. Ҳайдовчи билан йўловчига зўрлик ишлатиб, уларга тан жароҳати етказишади ва автомашина салонида бўлган 18 миллион сўмни босқинчилик билан эгаллашади. Бундан ташқари, “Ласетти”нинг орқа ойнасини синдириб, воқеа жойидан жуфтакни ростлашади.

1 сентябрь куни кечки пайт “Чарх Камолон” маҳалласида пайдо бўлган гуруҳ аъзолари катта кўчадан келаётган автомашинани тўхтатишади. Ҳайдовчига қўлбола усулда ясалган тўппонча ўқталиб, машинадаги 5 миллион сўм пулни тортиб олишади.

Улар орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас “Қўйлиқ” массивига келиб, кўчада кетаётган фуқарога ҳужум қилишади. Уни бўғиб, ичида 6 миллион сўм пул ва 200 АҚШ доллари бўлган пакетни ҳамда фуқаролик паспортини эгаллаб олишади. Кўп ўтмай паспортни ташлаб юборишади.

Талончилар 12 сентябрда эса Зангиота туманида яна бир автомашинани тўхтатишади ва ҳайдовчини ясама тўппонча билан қўрқитиб, 2 миллион 300 минг сўм пулини, машина юкхонасидаги 2 та канистр бензинни ҳамда бошқа буюмларини тортиб олишади.

Кўп ўтмай зўравонлар қўлга олинди. Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди томонидан судланувчиларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.