Вазирлар Маҳкамасининг 26.07.2017 йилдаги 544-сон «Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг Андижон филиалини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб ёзмоқда Norma.uz.

Филиал директори Ўрмон хўжалиги ИТИ директори тавсиясига кўра Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Филиалнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари:

•  доривор ўсимликлар уруғчилигини йўлга қўйиш, шунингдек манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатларини етиштириш ва етказиб бериш;
•  ўрмон фонди ерларида ноёб манзарали ва мевали, шу жумладан, ёнғоқ, писта, бодом, унаби ва лимон кўчатлари ҳамда доривор ўсимликларни етиштириш агротехнологияси бўйича илмий тадқиқотларни олиб бориш;
•  ўрмон хўжаликларида чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик, қуёнчиликни ривожлантириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш;
•  манзарали ўсимликлар кўчатларини етиштиришнинг илмий асосларини ҳамда истиқболли технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
•  ўрмон фонди ерларининг экологик ҳолатини яхшилаш, ўрмонларни кенгайтириш ва қайта тиклаш, иҳота ўрмонлари барпо этиш бўйича самарали инновацион усулларни ишлаб чиқиш;
•  эрозияга қарши ўрмон барпо этишнинг илмий асосланган технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
•  доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш, тоғ ёнбағирларидаги ерларда етиштириладиган, қурғоқчилик, зараркунанда ва касалликларга чидамли ўсимликлар селекцияси ва уруғчилиги бўйича илмий тадқиқотларни амалга ошириш;
•  ўрмон хўжалиги соҳаси учун кадрлар илмий салоҳиятини янада ошириш, уларни тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш.

Филиал ходимларига республика илмий-тадқиқот институтлари ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби татбиқ этилади.

Филиал фаолиятини молиялаштиришнинг манбалари қуйидагилар:

•  Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ва республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
•  давлат илмий-техника дастурлари доирасида ажратиладиган грантлар;
•  хўжалик фаолиятидан, халқаро молиявий институтлар ва хорижий донорлик ташкилотларнинг грантлари, шунингдек ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси 2 ой муддатда:

•  Филиал тўғрисидаги низомни тасдиқлайди;
•  Андижон вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Филиални зарур мебель, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва бошқа моддий воситалар билан таъминлайди;
•  Андижон вилояти ҳокимлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда Филиални бўш турган бино билан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида таъминлайди.