Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан жорий йилнинг 7-12 август кунларида “Халқаро ёшлар” куни муносабати билан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва БМТнинг Аҳолишунослик бўйича жамғармаси ва бир қатор жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон” шиори остида “Ёш оилалар ва қизлар” I Республика форуми ўтказилади. Ушбу форум ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий тадбир бўлиб республика миқёсида илк маротаба кенг нишонланади.

Форумнинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, қизларни юксак одоб-ахлоқ тамойиллари асосида тарбиялаш, касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг кийиниш ва муомала маданиятини ошириш, онги ва қалбини ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, бугунги эзгу ислоҳотларга фаол муносабатини шакллантириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, уларни оилавий ҳаётга тайёрлашдир. 

Форумнинг асосий вазифалари орасида мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсатини, ёшларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш; республиканинг барча ҳудудларидаги, айниқса чекка қишлоқлардаги иқтидорли қизларни излаб топиш, уларни ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш, улар томонидан яратилган интеллектуал лойиҳаларни тарғиб этиш ишларига кўмаклашиш ва қизларнинг ахлоқий, ҳуқуқий, сиёсий ва тиббий маданиятини шакллантириш, ўз иқтидорини, илмий ёки касбий салоҳиятини ривожлантириш мақсадида муайян бир соҳада маълум бир ютуқларга эришган қизларнинг намунали фаолиятини манзилли тарғиб этиш кабилар бор.