Парамоторлар (орқада ўрнатилган двигателда ҳаракатланувчи парапланлар) ҳақида роликлар суратга олувчи америкалик блогер Такер Готт "Макдоналдс" ресторанига ўзининг учиш қурилмасида ташриф буюрди. У мотопарапланида 10 милча (16 км) масофани учиб ўтиб, сўнгра тамаддихона олдига қўниб, буюртма берган.

Готт парамотордан бир неча йилдан бери фойдаланиб келади. Унинг айтишича, одамлар кундалик юмушлар: дўконга, ишга ёки мактабга бориш учун ушбу қурилмадан фойдаланиш қанчалик ўнғайлиги борасида қизиқадилар. Америкаликнинг таъкидлашича, бу амалий жиҳатдан унча ҳам қулай эмас, бироқ қўниш учун яхши майдонча бўлганда гоҳ-гоҳида бундай парвозлар амалга ошириб турса бўлади.

Блогернинг бахтига маҳаллий аҳоли ва "Макдоналдс"га келганлар Готтни кўрганларидан кейин полиция чақиртириб ўтиришмаган. У бургер харид қилиб, қандай учиб келган бўлса, шундай учиб кетган. Блогернинг айтишича, у бургерни ҳаводаёқ "паққос туширган".

Готт учар қурилмасидан нафақат бундай юмушларни амалга бажаришда фойдаланади. У мисол учун, парамотордан чанғида учишда ҳам фойдаланган. Блогернинг таъкидлашича, унинг устидан баъзида АҚШ фуқаролик авиацияси федерал бошқармасига шикоят қилиб туришади.

2017 йил май ойида Австралияда вертолёт учувчиси "Макдоналдс" олдида қўнган. Гувоҳлар кимгадир ёрдам керак бўлиб қолган бўлса керак деб ўйлашган, бироқ учувчи тамаддихонага кириб, егулик харид қилиб, ҳеч нарса бўлмагандек яна учиб кетган. Шундан кейин мамлакат фуқаролик авиацияси парвозлари хавфсизлиги бошқармаси ушбу ҳодисани тергов қила бошлаган, чунки Австралияда бирор ҳудудга унинг эгасининг рухсатисиз қўниш тақиқланган.