БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад ал Ҳусайн Венесуэла ҳукуматини намойишчиларга қарши куч ишлатиш усулларини қўллашда ҳаддан ошишда айблади. Бундан ташқари расмий Каракас фуқароларнии қўлга олиш ва уларнинг ҳуқуқларини поймол қилишда фаоллик намойиш қилмоқда. Бу ҳақда комиссарликнинг 8 августидаги баёнотида сўз юритилган, деб ёзмоқда ТАСС агентлиги. 

"Апрель ойида намойишлар тўлқини бошлангач, намойишчиларга қарши куч ишлатиш усуллари ҳаддан ортиқ қўлланилаётгани кўрина бошлади, - деган олий комиссар. – Минглаб одамлар ноқонуний ушланди, кўплари билан ёмон муомаладабўлишди ва ҳатто уларни қийнашди, бир неча юз нафарини фуқаролик судида эмас, ҳарбий судда маҳкамага тортишди".

Ташкилотнинг қайд этишича, юқорида келтирилган рақамлар расмий эмас, чунки ҳукумат бу борада рақамларни тақдим этмаган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг махсус мониторинг гуруҳи намойишлар чоғида жабрланган 135 киши, жамоат арбоблари, журналистлар, адвокатлар, шифокорлар ва прокуратура ходимлари билан суҳбатлар, шунингдек, омбудсман идорасидаги маълумотлар асосида мазкур ҳисоботни тузган. 

БМТ ИҲОКБ маълумотларига кўра, намойишлар давомида шу кунга қадар 124 киши ҳаётдан кўз юмган. Бунда мониторинг гуруҳи 46 ҳолатдаги ўлимда полицияни айбдор ҳисоблашга яқин турибди. Яна 27 та ҳолатда Венесуэла Ягона социалистик партияси етакчиларининг сиёсий назоратидаги қуролланган гуруҳлар айбдор бўлиши мумкин. Шу билан бирга, намойишларни бостириш чоғида 8 нафар полициячи ҳам қурбон бўлган.