Буюк Британия ва Францияда таркибида фипронил инсектициди бўлган товуқ тухумлари аниқланди, деб хабар бермоқда «Би-би-си». Улар Нидерландиядан келтирилгани айтилмоқда.

Британия ва Франциядаги дўконлар пештахтасига таркибида заҳарли модда бўлган тухумлар Нидерландиядаги фермалардан олиб келинган. Британияда бундай тухумлар сони 21 мингта бўлса, Францияда бир неча мингтани ташкил этади.

Британия озиқ-овқат стандартлари агентлигининг маълум қилишича, бундай маҳсулот жамиятга катта хатар туғдирмайди.

Фипронил бурга ва битларни йўқ қилиш учун қўлланилади, шу билан бирга, бу моддани гўшти инсонлар истеъмолига мўлжалланган ҳайвонларни даволаш учун ишлатиш мумкин эмас.