Тиббиёт нуқтаи назаридан, инсонларда юқори ва паст қон босими кузатилади. Гипотония — кўпинча паст қон босими кузатиладиган касаллик.

Биз ҳар куни ўзимизни тетик ҳис қилиш учун қаҳва ичишга одатланганмиз. Бироқ бу касалликни биргина қаҳва билан даволаб бўлмайди. Гипотониянинг клиник кўриниши асосан чарчоқ ҳисси, ишлаш самарадорлигининг пасайиши, бош оғриғи, ланжлик, ўриндан турганда кўз олдининг қоронғулашиши, уйқу келиши, баъзан эса ҳатто бош айланиши билан кузатилади. "Ортодокс" тиббий портали шу ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.

Гипотония — жиддий касаллик ва бу ерда ўзбошимчалик билан даволаниб бўлмайди. Мурожаат қилиниши керак бўлган шифокор - кардиолог, у тўлиқ текширув ўтказиб, сабабини аниқлайди ва сизнинг касалликлар тарихингиздан келиб чиқиб, зарур дори воситаларини белгилайди.

Паст қон босими билан курашишнинг бир неча варианти мавжуд:

1. Сув. Гипотониклар кунига одатдагидан 2-3 стакан кўпроқ сув ичиши керак. Бу уларга қон босимни меъёрда ушлаб туришга ёрдам беради.

2. Уйқу. Гипотониклар 9-10 соат ухлаши керак. Бу вақт уларга кун давомида сарфлаган кучларини қайта тиклашга ёрдам беради.

3. Фаол ҳордиқ ва пиёда сайр қилиш. Ҳаракат — бу ҳаёт. Мунтазам равишда спорт билан шуғулланинг. Энг яхши дори - пиёда сайр қилиш, сузиш, серҳаракат ўйинлар. Бизнинг барча ҳаракатларимиз қон айланишини яхшилайди, у томирлар бўйлаб ҳаракатланиб, танадаги барча органларни ишлашга мажбур қилади ва натижада умумий жисмоний ҳолат яхшиланади.

4. Душ. Контраст душ жуда фойдали, чунки у қон томирлар ҳолатини яхшилайди. Совуқ сув қуйиш, сауна, уқалаш ва ҳ.к. Бироқ шуни ёдда тутиш лозимки, ҳарорат режимини кескин ўзгартириш (совуқдан иссиққа чиқиш) мумкин эмас. Бу ҳатто ҳушни йўқотишгача олиб келиши мумкин.

5. Паст қон босими кузатиладиган кишилар ўринларидан кескин туришлари тавсия этилмайди. Кескин қўзғалиш натижасида гипотоник ҳушини йўқотиши мумкин.

6. Уқалаш. Су Жок терапияга кўра, қулоқлар организмнинг энг таъсирчан нуқталаридан биридир. Уқалаш машқларини қўлда ёки бирор ингичка предмет, масалан, гугурт чўпида амалга ошириш мумкин. Гугурт чўпи ёрдамида қулоғингиздаги энг оғриқли нуқтани топиб, ўзингизни яхши ҳис қилмагунингизча уқалайверинг. Аввал оғриқли нуқта атрофини (20 сонияча), кейин эса оғриқли нуқталарни босиб уқаланади.

Босим кучи ва частотасини, шунингдек таъсир нуқталарини  ўзгартириб туринг, ора-орада танаффус қилинг. Агар бош айланиши, кучсизланиш ёки бошқа белгилар намоён бўла бошласа, уқалаш машқларини тўхтатинг. Қўл ва оёқларингиздаги бармоқлар учларини уқаланг, улар деярли бутун тана аъзоларига таъсир ўтказади.

Агар гипотониядан азият чекаётган бўлсангиз, унутманг, саломатлигингиз ўз қўлингизда. Ўзингизга қандай муносабатда бўлсангиз, шундай ҳис қиласиз. Шундай экан, соғлиқ борасида қайғуришни орқага сурманг. Юқоридаги тавсияларга амал қилинг ва саломат бўлинг!