Хитойнинг Сичуань вилоятида зилзиладан кейин икки минг киши турган меҳмонхона қисман қулаб тушди. 500 киши эвакуация қилинган.

Цзючжайгоу миллий боғидаги "Тяньтан" меҳмонхонаси олд томони кучли силкинишлардан кейин қулаб тушган. Ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар меҳмонхонада турганларни автотураргоҳга олиб чиққанлар.

Меҳмонхонага бориш у тоғли ҳудудда жойлашгани сабабли қийинчилик туғдирмоқда, унга олиб борувчи йўлни эса тошлар босиб қолган.

Аввалроқ Хитойнинг фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш миллий комиссияси зилзила вақтида юзлаб одамлар ҳалок бўлган, минглаб одамлар жароҳат олган бўлиши мумкинлигини айтганди. Вилоятнинг сейсмологик бюросида Цзючжайгоу миллий боғидаги вайроналар остида юзга яқин сайёҳ бўлиши мумкинлиги маълум қилинган.

Айни вақтда 5 киши ҳалок бўлгани, 88 киши яралангани, 24 минг уй вайрон бўлгани маълум.

Эслатб ўтамиз, Сичуань вилоятининг Нгава-Тибет-Цян мухтор округидаги Цзючжайгоу уездида маҳаллий вақт билан соат 21:19да 6,5 магнитудали зилзила юз берди.

Кейинроқ Хитой сейсмология марказида зилзила кучи 7,0 баллни ташкил қилгани маълум қилинган. Зилзиладан сўнг 100 дан кўпроқ афтершок қайд қилинган.

Хитой раиси Си Цзиньпин одламларни қутқариш ва зилзила оқибатларини минималлаштириш учун барча имкони бор ишни бажариш топшириғини берган.