Истанбул шаҳрининг Ускудар туманида жойлашган мўъжазгина овқатланиш маскани борган сари оммалашиб бормоқда. Гап шундаки, бу тамаддихонада даун синдромига чалинган 10 нафар ишчи хизмат қилади. Маскан раҳбарининг сўзларига қараганда, қулай иш шароити яратилган имконият ишчиларининг ижтимоий ҳаётда фаол бўлишига ёрдам бермоқда.

Ускудар туман ҳокимлиги томонидан молиялаштирилган лойиҳа асосида Бурхон Фалак сайилгоҳида «Табассум» тамаддихонаси очилган эди. Айни пайтда бу ерда 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган 10 нафар имконияти чекланган хизматчилар ишламоқда.

Улар, аввал, икки ярим ойлик махсус курсда ўқиб, гигиеник қоидалар, хизмат кўрсатиш ва мижозлар билан ишлаш муомаласини ўрганади. Анадолу мухбири билан суҳбатлашган Ускудар туман ҳокимлиги Ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази директор ўринбосари Мустафо Йилдиз «Табассум» овқатланиш маскани бизнинг имконияти чекланган кишиларга нисбатан қарашларимизни ўзгартиришга мажбур қилади.

«Мижозлар бу ерга ташриф буюриб, юксак дид, эҳтиёткорлик ва чин юракдан хизмат қилаётган ишчиларни кўради. Ҳозирча бу лойиҳа Туркияда ягона бўлиб турибди» , - дейди у.

Тамаддихона ишчилари маош олаётганидан, одамларга фойдаси тегиб, улар билан доимо суҳбатлашаётганидан мамнун эканини билдирган.