Канадалик полициячи ўғрига кийим-кечак олиб берди

Жаҳон 08 Август 2017 6665

Торонто полицияси офицери Ниран Жеянесан супермаркетда қўлга туширилган ўғри учун кийим-кечак олиб берди. Гап шундаки, 18 ёшли канадалик йигит ишга жойлашиш учун суҳбатга бориш мақсадида костюм ўғирлашга уринган.

Полициячининг сўзларига кўра, у 6 август куни кечқурун шериги билан Walmart дўконига борган. Улар кийим бўлимида ўғирлик қилишга уринган йигитни кўришган. Жеянесан ўғри билан суҳбатлашиб, унинг ишга жойлашиш учун кийим ўғирлашга уринганидан хабар топган. 

"Йигит ҳаётда қийинчиликларга дуч келган ва буни тўғирлашга ҳаракат қилмоқда. У ўз оиласини таъминлаш мақсадида ишга жойлашмоқчи", - дейди Торонто полицияси офицери Ниран Жеянесан. 

Жиноятнинг олди олингани боис полициячилар йигитга ҳеч қандай айблов қўймай, уни қўйиб юборишган. Жеянесан унинг суҳбатдан ўтишига ёрдам бериш учун кўйлак, шим ва пайпоқлар сотиб олиб берган.

Офицернинг ҳамкасблари унинг қарорини қўллаб-қувватлашди ва унинг тўғри йўл тутганини айтишди. "Уни ҳибсга олиш тўғри бўлмасди. Биз жамиятда бошқаларга ўрнак бўлишимиз керак", - қўшимча қилди полициячи Пол Боас.

Кўпроқ янгиликлар