Неймар ўрнига: «Барселона» ким учун тўламоқчи?

Спорт 08 Август 2017 18232

«Барселона» Неймарнинг трансферидан катта маблағ ишлаб олди ва энди бу пулларга унга ўринбосар олиши керак. Каталонлар жамоасида 222 млн евро бор, бу маблағга икки футболчи ҳам олиши мумкин: «Ливерпуль»дан Филиппе Коутиньо ҳамда Дортмунднинг «Боруссия»сидан Усмон Дембелени. Дембеле кўпчиликка у қадар таниш футболчи бўлмагани учун, «Трибуна» ўз мухлисларига уни яқиндан таништиришга қарор қилди.

У қаердан пайдо бўлди

«Тўғридан-тўғри айтақоламан: кун келиб Дембеле «Олтин тўп» учун даъвогарлик қилади. 13 йил олдин ҳам сэр Алекс Фергюсон еттинчи рақамли футболкани топшириб қўйган, ғалати соч турмаги қилган ўсмирнинг ҳаракатларини кузатгандим. Ўшанда Криштиану ўз таланти билан менда катта таассурот қолдирганди. Шундан бери мен майдонда у каби истеъдодли йигитчани учратмаётгандим. Усмон қандай ҳаракатларни амалга ошираётганини кўрмагунимча», — деганди бир йил муқаддам «Ренн» президенти маслаҳатчиси Микаэль Сильвестр. «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ футболчиси сўзлари муболағали эмас.

Оёқлари узун 18 ёшли йигитча ёшлар жамоасида эканида ўзидан катта футболчиларга иш қолдирмасдан ўйнарди. У Лига 1 ўйинида 2015 йил ноябрида илк марта иштирок этди. У вақтда бутун Франция Париждаги давомли терактлар изтиробида, футболни бир муддат унутган, мотам либосига бурканганди. «Анже» билан ўйиндаги дебютда уни ҳеч ким пайқамади – зеро унга жуда кам вақт ажратилганди. Лекин икки ҳафта ўтиб у «Ренн» мухлисларини хурсанд қилишни бошлади – «Бордо» билан ўйинда Усмон профессионал футболдаги илк голини урди. Мавсум охиррроғида «Нант» дарвозасига 3та гол йўллагач, (голларнинг биринчисини у биринчи дақиқадаёқ урганди) ҳамма у ҳақида гапиришни бошлади, «Барселона» скаутлари Каталонияга елиб бориб, раҳбариятга ушбу ноёб иқтидор, лекин ҳали ҳеч ким танимайдиган ўсмир учун 35 млн еврони аямасликка ундай бошлади. Лекин ўшанда «Барса» босслари скаутларнинг таклифини писанд қилмаганди, энди эса уни каттагина пулга сотиб олишга тайёрлар.

Қизиғи шундаки, Дембеле «Ренн»да дебют қилмаслиги ҳам мумкин эди. Ўшанда жамоа анча тажрибали Нтеп ва Йоанн Гуркюффга ишонч билдираётганди. 2015 йил ёзида жамоа бош мураббийи Филипп Монтанье Дембелени асосий жамоа машғулотларига ўтказди – у ўсмирлар орасида яққол ажралиб қолганди. Аммо «Ренн» унга профессионал шартнома таклиф қилишга шошилмайди, Монтанье ёш иқтидорларга кўп ҳам ишонавермасди. Бунга жавобан эса Усмон клубнинг Германиядаги йиғинини бойкот қилади ва «Ред Булл» ёки «Бенфика»га ўтиб кетиши билан таҳдид қила бошлайди.

Дембеленинг «Боруссия»га трансферидан  15 млн евро ишлаб олгани учун «Ренн» унинг онасига миннатдорчилик билдириши керак, у ўғлини сабр қилишга ва клубда дебют учун имкон берилишини кутишга ундаган, уни қолишга кўндирганди. Бир неча ойлик асаббузарликлардан кейин Дембеле Микаэль Сильвестр билан қизил футболкани тутган ҳолда суратга тушди - у клуб билан шартнома имзолаганди.

Нима учун 80 миллион евро

Қисқа вақт ичида Усмон «Ренн»да асосий футболчига айланди. У илк мавсумдаёқ 9та голни дарвозаларга жойлади ва рақиб футболчиларини алдаб ўтиш кўрсаткичлари бўйича Европада Неймардан кейинги иккинчи ўринни эгаллади (ҳар ўйинда 4,6 марта), у шунингдек кўрсаткичлари бўйича Франция чемпионати тарихидаги (1990 йилдан кейинги) 20 ёшдан кичик бўлган энг самарали футболчи бўлди. 

Унинг оғир характери ҳақидаги гапларга қарамасдан, қуйидаги интервьюда Усмон камтарин йигитча эканини кўриш мумкин: «Мен — феномен эмасман. Шунчаки, нималарга қодирлигимни намойиш этишга уринаман, завқ олиш учун футбол ўйнайман. Айрим статистик маълумотлар мен ҳақимда нотўғри тушунчалар бериши мумкин. Аммо бу менинг мақсадим эмас. Менинг мақсадим – жамоа билан совринлар ютишдир. «Олтин тўп» дейсизми? Бу нима деганингиз?».

Усмон ҳакам ҳуштагини эшитиши биланоқ уятчанлигини йиғиштиради. У рақибнинг бир неча футболчиларини алдаб ўтиб қанотдан олдинга интилади, тўғри келса узоқ масофадан зарба йўллайди, у худди йўлида тўсиқлар йўқдек эркин ҳаракатланади. Франция ёшлар термаси мураббийи Людовик Бателли Дембелени юқори тезликка эга, ўйинни яхши ҳис қилувчи, дриблинг устаси ва энг муҳими икки оёғида бир хилда ўйнай оладиган футболчи сифатида таърифлаганди. Энди Усмон асосий терма жамоада ўзини кўрсатмоқда.

Неймардан кейинги ҳаёт. «Барселона»да унинг ўрнини ким эгаллайди?

Унинг икки оёқда ҳам бирдек ўйнай олишини қуйидаги интервьюси янада очиб беради. Дембеле Франция терма жамоасидаги ўйиндан сўнг қизиқ флеш-интервью бериб, барчанинг эътиборига тушганди.

— Усмон, сен ўнг оёқда ўйнайсанми, чап оёқдами? — дейди журналист. 
— Ммм… Мен чап оёқман. 
— Ишончинг комилми? Сен ахир кўп голларингни ўнг оёқда ургансанку. 
— Ҳа, лекин мен кўпроқ чап оёғимда ўйнайман. 
— Аммо сен бугун пенальтини ўнг оёғингда тепдинг. 
— Ҳа, шундай бўлди. 
— Нега бундай? 
— Чунки мен ўнг оёғимда яхшироқ ўйнайман. 

Амбидекстрия (икки оёқда ҳам бирдек ҳаракатланиш) – футболда алоҳида эътиборга эга. Дембеле нафақат икки оёқда ўйнай олади, у ҳужумнинг исталган нуқтасида ҳам бирдек ҳаракатланади.

«Боруссия» футболчиларининг паслари тасвирланган картада Усмон ўйинларда ҳужумнинг турли нуқталарида пайдо бўлганини кўриш мумкин. Бир ўйинда у классик вингер вазифасида, бошқасида – ҳимоя ва ҳужумни боғловчи, учинчи ҳолатда – Обамейянгдан ҳам олдинда ва офсайд чизиғида қоровулликда. Дембеле – ҳақиқий универсал, у ўз вақтида «Ренн» мураббийларини ҳужумчи муаммосидан халос қилган, «Боруссия»да эса Томас Тухелнинг мураббийлик тажрибаларида қўл келган. 

Дембеленинг дриблинглари – алоҳида тарих. Баҳолашингиз мумкин.

Усмон «Боруссия»да ўтган мавсумдаги ишларини Каталонияда ҳам бажара олса, унинг жамоадаги ўрни Неймарникидан кам бўлмайди. Франциялик футболчи ўйинларда ўртача ҳар 9,5 дақиқада рақибни алдашга ҳаракат қилган ва шундан 55 фоизи муваффақиятли чиққан. Мавсумда у 103 марта рақибни алдаб ўтган, 63 марта вазият яратган, 13 голга узатма берган – у Бундеслиганинг энг яхши футболчиларидан бири бўлди.

У нимаси билан Мбаппедан яхшироқ

1. У кўп функцияли. У Киллиан каби гол сезувчан бўлмаслиги мумкин, Дембеле у каби кўп гол урмади, лекин у ўтган мавсумда жамоасининг деярли барча голларида иштирок этди (барча турнирдаги ўйинлар ҳисобланса 21та голли пас). У пас бериш ва ўйинни ҳис қилиш борасида Мбаппедан устун.

2. Унинг трансфер нархи арзон. Усмон учун 190 млн евро талаб қилишмаяпти, «янги Анри» учун эса шунча. 

3. У барқарор. Дембеле Мбаппедан фарқли равишда Франция ҳадларидан чиқиб Германия чемпионатида ҳам барқарор ўйин кўрсата олди. «Иккинчи мавсум синдроми»дан муваффақиятли ўтиб олди. 

Дембеле «Барселона» учун идеал вариант эканига бошқа сабабларни ҳам келтириш мумкин. Масалан, у жамоанинг янги бош мураббийи Эрнесто Вальвердега классик ўйин қўллаш, ҳужумдаги футболчиларни турли нуқталарда синаб кўриш имконини тақдим этади. Шунингдек, «Боруссия»да Усмон барселонча ўйин услубида тобланган (Тухель ҳам шогирдларини тўп йўқотилгач, 5-6 сония ичида уни қайтариб олишга мажбурлар эди). Қолаверса, у болалигидан «Барселона»да ўйнашни орзу қилган, у бу нияти ҳақида интервьюларида бир неча марта очиқ гапирган. 

Кўк-анорранглилар ушбу футболчи билан оғзаки келишувга эришгани ҳақида айтишмоқда. Энди «Боруссия» билан музокараларни тезлаштириш керак, каталонияликлар 80 млн евро таклиф этмоқда, немислар футболчини 100 млн еврога сотмоқчи. Тез орада дортмундликлар клуби хазинасига анчагина пул келиб тушиши ва Усмон Каталония пойтахтига чипта олиши кутилмоқда. Кутамиз.

Кун янгиликлари
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 24021 Жамият
Ўзбекистон қачонгача ривожланаётган давлатлар қаторида қолади?
16:20 / 21.08.2017 52606 Ўзбекистон
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 64457 Жамият
Тошкентда «Мутахассислик ва илмий тадқиқот маркази» тузилади
Туркияда автобус иштирокида ЙТҲ юз берди, беш киши ҳалок бўлган
13:19 43 Жаҳон
Деҳлида Ҳиндистон савдо ва саноат давлат вазири билан учрашув бўлиб ўтди
Иқтисодиёт вазирида 2 нафар биринчи ўринбосар бўлади
Мбаппе яқин вақт ичида «ПСЖ» аъзосига айланади
12:56 609 Спорт
Учтепа туманида қасддан баданга оғир шикаст етказиш жинояти фош этилди
12:49 874 Жамият
Мажбурий ижро бюроси ходимларига хизмат машиналари топширилди
Кўпроқ янгиликлар