Шимолий Корея ўзининг қитъалараро баллистик ракеталарига ўрнатиш учун ядровий жанговар каллак яратди, деб хабар бермоқда АҚШ разведкасидаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Washington Post нашри.

Нашр маълумотларига кўра, Шимолий Корея шу тариқа "тўлақонли ядровий давлат бўлиш учун муҳим чегарани кечиб ўтмоқда". Бу эса Вашингтон тахмин қилганидан эрта содир бўлмоқда. Нашрнинг таъкидлашича, бундай баҳо июлда АҚШ мудофаа вазирлигининг разведка бошқармаси томондан берилган. Бошқармада Шимолий Кореядаги ядровий каллакларнинг ҳақиқий сони АҚШ аввал ўйлаган 60 тадан кўпроқлиги айтилган.

Шу билан бирга нашрнинг маълум қилишича, бир қатор мутахассислар Пхеньянда мавжуд жанговар каллаклар сони айтилгандан камроқ бўлиб, 30 тадан 60 тагачани ташкил қилиши мумкинлигини айтишган

Мақола муаллифларининг эслатишича, Шимолий Корея 2006 йилдан бери ядровий қуролнинг 5 та синовини ўтказган. Улардан охиргиси 2016 йил 9 сентябрда ўтказилган. Бунда заряд кучи 20 килотоннадан 30 килотоннагачани ташкил қилган, бу эса 1945 йилда Хиросимага ташланган бомбадан 2 марта кучлироқдир. Ўтган йили Пхеньян айнан кичик ўлчамли ядровий зарядни синовдан ўтказганини айтган, бироқ бунга ишончли тасдиқлар келтирилмаган.