Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшлар симфоник оркестрини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди. Ҳужжат матни давлат раҳбари сайтида жойлаштирилган.

Унга кўра, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг Тошкент шаҳар “Ёшлар ижод саройи” нодавлат нотижорат ташкилотининг Ёшлар симфоник оркестри учун иловага мувофиқ товарларни харид қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Бунда, мазкур товарлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг маблағлари ҳисобидан “Ўзсаноатэкспорт” акциядорлик жамияти орқали хориждан харид қилиниши инобатга олинди.

Ёшлар симфоник оркестри учун “Ўзсаноатэкспорт” акциядорлик жамияти томонидан хориждан олиб келинадиган товарлар 2018 йил 31 декабргача божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ваколатли банк билан биргаликда мазкур фармойишнинг иловасида кўрсатилган товарларни хориждан харид қилиш учун маблағларнинг белгиланган тартибда конвертация қилинишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда мазкур фармойишнинг иловасида кўрсатилган рўйхат бўйича хориждан олиб келинадиган товарлардан мақсадли фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатади.

Олиб келинадиган товарлар мақсадсиз фойдаланилган тақдирда божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилиши муносабати билан тўланмаган божхона тўловлари суммаси қонунчиликда белгиланган молиявий санкцияларни қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундирилади.

Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Қ.К.Куранбаев зиммасига юкланди.