Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига қилган сафари чоғида Шуманай тумани аҳолиси билан учрашиб, ушбу ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини юксалтириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берган эди.

Мулоқотда ёш тадбиркор Сейдабулла Медетов томонидан ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини оширишга ҳисса қўшиш мақсадида китоб сотишга ихтисослашган марказ ташкил этишга ер ажратиш юзасидан таклиф билдирганди. Давлат раҳбари томонидан маънавиятга хизмат қилувчи йигитнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда шу куннинг ўзида нафақат ер ажратилди, балки мажмуани қуриш учун ҳомийлик асосида 500 млн. сўм маблағ ҳам берилди.

Бугунги кунда тадбиркор томонидан 2 қаватли умумий майдони 600 м.кв. бўлган замонавий мажмуа қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилиши арафасида.

Шу муносабат билан 8 август куни Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев “Шуманай китоблар олами” хусусий корхонаси раҳбари Сейдабулла Медетовни қабул қилди. Учрашувда тадбиркорга тизимдаги нашриётлар томонидан нашр этилган бир неча миллион сўмлик китоблар ажратилди ҳамда сара адабиёт ва канцелярия молларини тўғридан-тўғри етказиб беришга келишилди.

Тез кунларда “Шуманай китоблар олами” мажмуаси очилиши кутилмоқда.