Uber ҳаммуассиси ва директорлар кенгаши аъзоси Гаррет Камп ўз ходимларига йўллаган мактубида компаниянинг асосчиси ва собиқ бош директори Трэвис Каланик ўз лавозимига қайтмаслигини маълум қилган. Бу ҳақида Recode ўз тасарруфидаги маълумот матнидан келиб чиқиб хабар берди. 

Кампнинг сўзларига кўра, у сўнгги ҳафтада янги бош директор масаласида бир неча таклиф олган. Компания ҳозирча Каланикнинг ўрнига бошқа раҳбар изламоқда. 

Uber ҳаммуассиси "янги раҳбар ва тўғри етакчи даври келгани", бу компания ривожининг кейинги босқичида ёрдам беришини таъкидлаган. Камп бўлғуси раҳбарни "жаҳон тоифасидаги янги CEO"сифатида тасвирлаган. "Сиз янгиликлар дастурларида эшитган миш-мишларга қарамай, Трэвис бош директор лавозимига қайтмайди", - деди директорлар кенгаши раиси. 

Recode манбаси маълумотларига кўра, Uber директорлар кенгаши номзодлар рўйхатини тўрт кишигача қисқартирган. Уларнинг исми шарифи ҳозирча маълум қилинмаган. 

Трэвис Каланик 21 июнь куни истеъфога чиққан. Таъкидланишича, бунга бир неча корпоратив можаролар ҳамда давлат хизматчиларини "алдаш" сабаб бўлган.