Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда ипакчилик соҳасини ривожлантириш борасида амалий қадамлар ташланмоқда. Хусусан, янги ташкил этилган «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси кўплаб ҳорижий компаниялар билан ҳамкорлик борасида шартномалар имзолади. Масалан, 2018 йилда шундай келишувлар бири асосида ХХРнинг “Shandong Guang Tong Silkworm eggs” Co.LTD компанияси билан ҳамкорликда Навоий ва Қашқадарё вилоятиларида элита ипак қурти уруғи ишлаб чиқариш заводини барпо этиш режалаштирилган. Бу ҳақда уюшма матбуот хизмати Кун.uz’га маълум қилди. 

Бундан ташқари, айни вақтда вилоятларда кузги ипак қурти уруғини боқиш ишлари бошланди. Мавсумни самарали ўтишини таъминлаш ҳамда пиллакорларнинг бир йилда икки марта пилла етиштириш борасида малакасини ошириш мақсадида Хитойдан малакали мутахассислар жалб этилди. Улар Сурхондарё вилоятида ташкил этилган янги   қуртхонада ходимларга кузги пилла етиштириш борасида маҳорат дарсларини ўтмоқда. Унда уюшма тизимида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларнинг вакиллари иштирок этмоқда.

2018 -2021 йилларда пиллани қайта ишлаш, йигирув ва ипак мато ишлаб чиқаришга ихтисослашган олтита лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда. Андижон, Жиззах, Сирдарё вилояти ва Тошкент шаҳридаги лойиҳалар шулар сирасидандир.  Шунингдек, уюшма таркибидаги ўттиздан ортиқ қайта ишлаш  корхонасида модернизация лойиҳалари  амалга оширилмоқда. Жумладан, “Бухоро бриллиант силк” ҚКда Швейцария, Италия, Германия давлатларининг энг илғор технологиялари ўрнатилмоқда. Андижон  вилоятидаги “Ҳарир тола” МЧЖ, Бухоро вилоятидаги “Ромстар”  ҚКга Хитойдан пилла чуваш, қайта ўраш, ипак момиғи ишлаб чиқариш ускуналари қўшимча равишда келтирилиб, монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, 18 ипак қурти уруғи ишлаб чиқариш корхонасида ҳам технологик янгилаш лойиҳалари бошлаб юборилди. 

Амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг беш йилдан кейин ипак ишлаб чиқарувчи, қайта ишловчи ва экспорт қилишда етакчи ҳисобланган давлатлар қаторидан жой эгаллашини таъминлаши керак.