Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолияти янада такомиллаштирилади

Ўзбекистон 08 Август 2017 3383

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 8 август куни “Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни давлат раҳбари сайтида жойлаштирилган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар дастури; консерваториянинг таркибий тузилмаси; Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси таркиби тасдиқланди.

Белгиланишича, маданият вазири бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон давлат консерваториясининг ректори бўлади.

Консерваторияга қуйидаги манзилдаги бинолар топширилади: Мустақиллик шоҳ кўчаси, 31-уйда жойлашган бино (В.Успенский номидаги РИМАЛ), Бухоро кўчаси, 10-уйда жойлашган бино (Республика фонд биржаси биноси), шунингдек Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган санаторий “Мусиқа оромгоҳи” деган ном билан.

Консерватория биносида “Ноёб чолғулар давлат коллекцияси” ташкил этилади. Шунингдек, Олмазор кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган бинодаги асбоб-ускуналар модернизация қилинади.

4 ой муддатда консерваторияга абитуриентларни ўқишга қабул қилиш бўйича ўтказиладиган касбий (ижодий) кириш имтиҳонлари тартибига ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифлар киритилади. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ҳокимлигига юқори малакали ходимлар, жумладан, иқтидорли ёш мутахассислар учун имтиёзли ипотека кредитлари асосида Тошкент шаҳрида қуриладиган кўп қаватли уйлардан уй-жойлар ажратиш топширилди.

Кўпроқ янгиликлар