8 август куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоев ҳамда Кинематографияни ривожлантириш маркази директори Ойбек Абдушукуров ҳар икки ташкилот ўртасида англашув Меморандумини имзоладилар.

Меморандумга кўра ҳар икки ташкилот ҳамкорлигида “Ёш киноижодкорлар уюшмаси” нодавлат нотижорат ташкилотини таъсис этилди ва келажакда Уюшмага бирлашган ёшлар иштирокида ижтимоий аҳамиятга молик кинолойиҳалар амалга оширилади. Шунингдек, меморандумда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида “Ёшлар пресс клуби”ни ташкил этиш ҳам белгиланган бўлиб, бу орқали ёшлар муаммолари ва уларнинг ечимига бағишланган турли шакл ва жанрларда кўрсатув ва теледебатлар тайёрлаш назарда тутилган.

Бугунги кун кинематографияси учун ўта долзарб ҳисобланган масала, яъни замонамиз қаҳрамонлари образини яратиш, ёш авлод маънавиятига, тарбиясига ижобий тасир кўрсатадиган бадиий, ҳужжатли, мультипликацион ҳамда қисқа метражли фильмлар, шунингдек, телесериаллар ишлаб чиқариш ҳам мазкур ҳужжатнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Ижтимоий аҳамияти юқори бўлган мазкур меморандум ёш ижодкорлар учун юксак имконият эшикларини очиши, ёшларнинг кинематография соҳасидаги ижодий фаолиятини биргаликда олиб боришларига замин яратиши, уюшмаган ёшларни ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон ёшлар   иттифоқининг раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Кинематографияни ривожлантириш маркази директори Ойбек Абдушукуров ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков бугунги кунда мамлакатимиз ёшларига, жумладан, ижодкор ёшларга берилаётган кенг имкониятлар, давлат миқёсидаги эътибор ҳақида гапириб, ёш ижодкорларни янада фаолликка, бадиий савияси юқори асарлар яратишга чақирдилар.Шундан сўнг Ёш киноижодкорлар уюшмаси аъзоларининг илк маҳсулоти – “Welcome to Bukhara” номли имиджли видероликнинг тақдимоти ўтказилди.

Мазкур видеоролик йиғилганларда кучли таассурот қолдирди. Дунё стандартларига тўлиқ жавоб бера оладиган мазкур видеролик устида 50 кишилик гуруҳ ишлаган бўлиб, суратга олиш жараёнлари икки ҳафта давом этган. Бироқ видеоролик лойиҳаси устида ижодий гуруҳ икки ойдан ортиқ меҳнат қилди. Видеоролик учун алоҳида мусиқа басталанган бўлиб, унда бирорта ҳам тасодифий кадр олинмаган, барча кадрлар юқори савияда саҳналаштирилган.

Видеоролик ғояси муаллифи ҳамда режиссёри ўзининг “Она” (“У”) қисқа метражли фильми билан танилган Мухлиса Азизова бўлиб, у мазкур ишида Бухоронинг гўзаллиги-ю, туристик салоҳиятини нафақат тарихий обидалар, балки инсонлар чеҳрасидаги бахт, қувончда акс эттира олган ва бу билан лойиҳа олдига қўйилган мақсадга эришган.

Иттифоқ ва Марказ ўртасида имзоланган меморандумга асосан ташкил этилган Ёш ижодкорлар уюшмасининг илк иши – Ўзбекистон туризмини ривожлантириш ва хорижга реклама қилишга қаратилган.

 

Кинематографияни ривожлантириш
маркази матубот хизмати