БАА Европанинг Credit Suisse, Deutsche Bank ва Barclays каби банкларига бу банкларнинг йирик акционерлари Қатар бизнес доиралари вакиллари ҳисобланиши сабабли норасмий бойкот эълон қилди.

The Financial Times нашри маълумотларига кўра, бу банклар яқин ойларда Абу-Дабидаги катта лойиҳаларда иштирок этиш ҳуқуқини юта олишлари даргумон, чунки уларда Қатар суверен фонди ва Қатар қироллик оиласи аъзолари катта улушларга эгалар.

Қатар компаниялари Barclays ва Deutsche Bank’да 6 фоизлик улушга эга, Credit Suisse’нинг 5 фоизлик улуши Qatar Investment Authority тузилмаларига тегишли. Бу тузилмалар ушбу банкнинг яна 13 фоизлик улушини сотиб олиш ҳуқуқига эга.

Бойкот ҳақида июлда, Абу-Даби миллий нефть компанияси унинг бўлинмасининг IPO’сини қайси банклар ўтказишини ҳал қилганда маълум бўлган. Танловга таклиф қилинган, бойкот остига тушган банклар, жумладан Credit Suisse тезда иштирокчилар орасидан чиқариб ташланган. Бойкот остига тушган бошқа банклар эса умуман танловга таклиф қилинмаган.

"Бизга норасмий бойкот борлиги, биз ҳеч нарса қила олмаслигимиз айтилган", деб айтмоқда банкирлардан бири. Унинг айтишича, чекловлар оммавий тарзда ошкор қилинмаган. Таъкидланишича, БАА бойкот эълон қилишни ва уни тан олишни расман режалаштирмаган.

Бойкотга учраган бошқа банк ходими эса чекловларни баъзи амалдорлар ва ташкилотлар киритаётганини айтган. Банкирнинг таъкидлашича, унинг банки лойиҳаларда иштирок этишга таклиф қилинган. Ушбу ҳолат юзасидан банклар ҳам, БАА ҳукумати ҳам изоҳ беришни истамаган.