Мексикалик наркобарон Хоакин Гусман (El Chapo) суд жазосидан қутулиб қолиш учун дунёнинг энг кучли адвокатлар гуруҳини ўз ҳимояси учун ёллади. Улар орасида Нью-Йорк мафиясининг нуфузли раҳбари Жон Готтининг ўғлини суд залида муваффақиятли ҳимоя қилган Марк Ферник ва Жефри Личман номлари ҳам бор.

Гусман дунёдаги энг йирик нарко йўлаклардан бирини бошқаришини рад этмоқда, агар бу айблов исботланса, уни АҚШ қамоқхоналаридан биридаги жазо муддати кутиб турибди.

60 ёшдаги El Chapo​ бундан аввал ҳам турли жиноятлари учун Мексикада қамоқ жазосини ўтаган, бунинг устига икки марта жазони ўташ жойидан қочишга муваффақ бўлган. Биринчи марта у кир ювиш саватчасида, иккинчи ҳаракатда ўзи томонидан қазилган туннель йўлаги орқали қамоқхонадан қочиб кетган.

Бугунги кунда умумий молиявий қудрати 14 миллиард АҚШ долларига тенглашиб қолган Синалоа картели айнан Хоакин Гусман томонидан бошқарилади, деган айблов билан у ҳибсга олинган эди. Айни пайтда у Нью-Йоркда энг кучли қўриқланадиган ҳибсхоналаридан бирида ушлаб турилибди.