Италиянинг Тосканаси ҳудудидаги Виарежо шаҳри мэри Facebook саҳифаси орқали фолловерларига мурожаат қилди - маҳаллий ресторанлардан бирининг маъмурияти унинг дўстлари билан овқатланишига йўл қўймай тўғри йўл тутганми ёки йўқ?

Гап шундаки, шаҳар раҳбари очиқ верандадаги норасмий учрашув учун кундалик "casual" услубини танлаган. Жоржио унинг оқ рангли кўйлаги ва тиззадан сал пастроқ келувчи  хаки рангли шортиси бундай зиёфат учун айни муддао деб ҳисоблаган. 

Официант буюртмани қабул қилиш ўрнига унинг кийими ресторан дресс-кодига тўғри келмаслигини айтганида сиёсатчи таажжубга тушган. Бунга изоҳ бериш сўралганда ресторан ходими жаноб Гингаронинг шортиси "бироз соҳилбоп" экани айтилган. 

"Биз денгизга қараган стол атрофига жойлашдик ва қўшни столдаги танишларимиз билан беташвиш суҳбатлашиб ўтиргандик. Шу пайт бироз ноқулайлик ҳис қилган официант менинг шортигим уларнинг ресторани учун етарлича узун эмаслигини айтди", - дея изоҳ беради Жоржио ижтимоий тармоқдаги аккаунтида. 

Мэрнинг айтишича, у дўстлари билан хайрлашиб, ресторанни тарк этгунича "бир неча дақиқали шармандалик"ни бошдан кечиришига тўғри келган. У оқшомни бундай қатъий қоидалар бўлмаган бошқа ресторанда давом эттирган.

"Бироқ, очиғини айтганда, шу қадар ёмон кийинганмидим?", - дея қизиқиш билдирган мэр. 

Муҳокама жуда қизғин кечган. Амалдорнинг саҳифасидаги дресс-код ҳақидаги пост остида 700дан ортиқ изоҳ қолдирилди. Фолловерлар фикри иккига бўлинган: кимлардир Гингаронинг кийимида эътирозга сабаб бўлувчи ҳеч нима кўрмаган бўлса, яна бировлар мэрнинг соҳилга эмас, нуфузли ресторанга келгани, шундай экан, қоидага амал қилиш кераклигини ёдга солган. 

"Ҳурматли мэр, қонун барча учун баробардир", - дея хулоса қилган фолловерлардан бири.