YouTube’да Калифорниянинг Санта-Круз шаҳри пляжидан олинган видеоёзув пайдо бўлди. Унда ноёб табиий ҳодиса қайд этилган.

Пляжда ҳордиқ чиқараётганлардан бири бирданига қоронғи боса бошлаган осмон ва тез ёпирилиб келаётган улкан булутни тасвирга олишга муваффақ бўлган. Бу булут ўзи билан бирга кучли шамол, қум бўрони ва қўрқув олиб келган – воқеа гувоҳлари юз берган ҳодисани "қиёмат қойим" деб аташган.

Воқеа иштирокчиларининг видеога изоҳларда ёзишларича, одамлар булут уларнинг устига тушиши ёки гирдоб ҳосил қилишидан қўрқиб, саросимада пляждан қоча бошлашган. Бироқ уларнинг айтишича, бўлаётган воқеалар қандай шиддат билан бошланган бўлса, шу каби тез якун топган. 

"Соябонлар учиб кетди, юзим қум билан қопланди, одамлар шошилинчда пляжни тарк эта бошладилар. Бир неча дақиқадан кейин туманли булут ёнимиздан ўтиб кетиб, қуёш барқ урди", деб изоҳ берган видео муаллифи.

Булут пайдо бўлишининг турли тахминлари билдирилган. Баъзилар ҳаттоки булут орасида коинот кемаси яширилганди, деган тахминни ҳам билдиришган.