-  Мини завод қуриб, бизнес қилсангиз бўлмайдими? – деди қаҳвахона ўриндиғида ястанган Зафар суҳбатдоши Жамшидга қувлик билан қараб.

-  Э, завод қуришга катта пул керак.

-  Мана биз топамиз-да, пулни, - сўзамоллигини бошлади Зафар. – Банкда зўр танишларим бор. Бир ой ичида кредит олиб беришим мумкин.

-  Яхши бўларди-ю, битта “но...”си борда, - иккиланиб сўзида давом этди Жамшид. – Фирмамиз ҳали янги. Бизга катта миқдорда кредит ажратишмайди-да...

-  Бир йўли бор, - деди ҳамсуҳбатининг қизиқишидан жонланган Зафар. – Кредитни ўзимга тегишли “Шомир Дилсам” МЧЖ орқали олиб бераман. Бизга беришади, чунки МЧЖнинг “оборот”и катта. Сизларга биздан бир ёрдам бўлсин...

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Жамшид бу ғалати таклифдан иккиланиб қолади.

-  Хўш, харажати қандай бўлади? – ниҳоят ёрилди.

-  Шу... ўн фоизда. Тўрт юз миллион учун қирқ миллион берасиз, - дея мўлжални аниқ килди Зафар. Сўнгра: - Менга ишонаверинг. Мана, фирмамнинг “оборот”ини ўзингиз қараб чиқинг, - деди Жамшиддаги иккиланиш ва хавотирни йўқотиш учун қўлидаги қоғозларни узатар экан.

Дўстлик туманидаги “Рангли фаввора” қурилиш дирекцияси раҳбари Жамшид Холиқов тенгдоши Зафар Хушвақтов билан тасодифан танишиб қолди. Уч-тўрт марта пойтахтдаги шинам қаҳвахоналарда “чойлашишди”. Гурунг-гурунгга қовушиб, анча қадрдонлашиб кетишди. Сўзамол, ўзига ишонган ва анчагина уддабурон кўринган бу йигитнинг “қирқиб-қирқиб” гапириши Жамшидга маъқул келди. Шу боис унинг “фойдали таклифи”ни рад эта олмади.

Ғузор туманидаги “Шўртан” ўйингоҳи олдида учрашишга келишишди. Айтилган жойда Жамшид танишганига ҳали бир ой ҳам бўлмаган “қадрдони”га кредит олиб бериши эвазига қирқ миллион сўмни қўшқўллаб топширди.

“Қўлинг билан бериб, оёғинг билан югур” деганлари шу экан-да. “Қирқиб-қирқиб” гапириб, “қирқ”ни чўнтагига урган Зафар бир ой ўтди ҳамки кредитдан сўз очмади.

Қаердан ҳам бўлсин?! Зафар деганлари Ғузордаги бир қурилиш фирмасида ишчи бўлиб ишларди, холос. Жамшид Холиқов унинг илгари беш марта судланиб, ахлоқ тузатиш жазоларини олаётган жиноятчи эканлигини аввалроқ билганидами...

Хуллас, “ана бўлади – мана бўлади”, деб ишни пайсалга солган “ҳожатбарор” кейинчалик Жамшиднинг қўнғироқларига бутунлай жавоб бермай қўйди. Бу орада Жамшид ҳам бўлганича бўлди. Ва ниҳоят, қирқ миллион сўм “қулоғини ушлаб кетгани”ни англаб етиб, “оёғини қўлига олиб” ички ишлар идорасига югурди...

Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди томонидан мазкур жиноятга қонуний баҳо берилди. Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра Зафар Хушвақтовга аввалги ўталмай қолган жазолари ҳам қўшилган ҳолда 7 млн. 235 минг сўм жарима ва 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Ўзини “жабрдийда” ҳисоблаб келган Жамшид Холиқовга ҳам тегишли жазо тайинланди.