Мамлакатнинг айрим қонун ҳужжатларига тузатишлар лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама учун жойлаштирилди, деб хабар бермоқда Norma.uz.
 
Ўзгартиришлар солиқ органларининг кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларини судгача 5 банк кунигача бўлган муддатга тўхтатиб туриш ваколатини мустаҳкамлайди.

Тегишли қўшимчалар «Давлат солиқ хизмати  тўғрисида»ги Қонун ва Солиқ кодексига киритилмоқда. Тузатишлар келгуси йилнинг бошидан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, мазкур норма Президентнинг 18.07.2017 йилдаги ПФ–5116-сон фармонининг 2-бандида келтирилган. 

Маълумот учун: хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақлари бўйича операциялари суд тартибида қуйидаги ҳолатларда тўхтатиб турилиши мумкин:

•  солиқ текширувини ўтказишга солиқ тўловчи томонидан тўсқинлик қилинганда;  
•  даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёхуд солиқ солиш объектини сақлаш билан боғлиқ ҳудудларни, биноларни, шу жумладан, жойларни кўздан кечириш учун давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахсларини киритиш солиқ тўловчи томонидан рад этилганда;  
•  солиқ тўловчи қайд этилган манзилда бўлмаганда;  
•  солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботи ва (ёки) молиявий ҳисобот, камерал назорат натижалари бўйича тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаганда. 

Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш ҳолатлари аниқланганда операциялар алоҳида тартибда тўхтатиб турилади.

Лойиҳа ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.