Йўл-йўл форма — маҳбусларга мўлжалланган кийимнинг классик варианти. Бу икки сабаб билан изоҳланади. Биринчидан, бундай кийим қочишга уринган маҳбусни қўлга олишни енгиллаштиради, маҳаллий аҳоли эса уни кўриши билан бу сайрга чиққан сайёҳ эмас, айнан қочиб кетаётган маҳбус эканини англаб етади. Иккинчидан, барча маҳбусларга хос ноодатий кийимни кийиш зарурати уларни озодликдаги кишилардан ажратиб, муайян психологик босим ҳам ўтказади. Trendymen шу мавзудаги мақоласи билан бўлишди.

Маҳбусларнинг йўл-йўл кийими борасида барчаси тушунарлидек туюлиши мумкин, бироқ бундай эмас. Қувғин ва жамият томонидан қабул қилинмаслик - оқибатлари жуда-жуда оғир бўлиши мумкин бўлган мураккаб жараён. Бу халқнинг маданияти, диний қарашлари, ҳукмрон элита нуқтаи назари ва кўплаб бошқа сабабларда яширин бўлиши мумкин. Бироқ йўл-йўл мато воқеаси расмий мантиқдан ташқарида. Йўл-йўл кийим тарихи ўрта асрлардаги Европага бориб тақалади, бу давр ўлим, диний фанатизм ва инсоният қодир бўлган бемаъниликларга тўла.

1310 йилда Франциянинг Руандасида бир этикдўз йўл-йўл кийимда қўлга олинганидан кейин суд томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинган. Бундай тушунарсиз ҳолат ўрта асрларда йўл-йўл кийимга бўлган салбий муносабатни намоён қилади. Қувғинликлар ва йўл-йўл мато ҳақида "Иблис либоси: чизиқлар ва йўл-йўл мато тарихи" китоби чоп этилган. Унинг муаллифи ўрта асрларга хос бўлган белгилар бўйича энг яхши мутахассислардан бири - тарихчи Мишель Пастуро бўлган.

Пастуро ўз китоби муқаддимасида XII-XIII асрлардан бошлаб йўл-йўл кийим шармандалик, хорликка ишора қилишига доир кўплаб ҳужжатлар сақланиб қолгани ҳақида ёзган. Фақат жаллодлар ва фоҳишалар йўл-йўл кийим кийишган. Булардан ташқари, циркчилар, масхарабозлар, моховлар, ногиронлар, бидъатчилар ҳамда никоҳсиз туғилган болаларда ҳам шундай кийимларни кўриш мумкин бўлган.

XIII асрда кармелитлар ордени роҳиблари билан ёқимсиз воқеа юз берган. Улар Фаластинда қўним топган бўлиб, Европа урф-одатларидан йироқ бўлишган. Орден раҳбарияти янги йўл-йўл формани жорий қилган. Бироқ бундай кийим биринчи учраган европаликлар дидига тўғри келмаган ва улар кармелитларни тошлар ва ҳуштаклар билан қувиб солишган. Низо Александр IV'гача етиб борган ва у олий фармон билан йўл-йўл кийим кийишни тақиқлаган. Шундай бўлса-да, кармелитлар ўз билганларидан қолмай, чорак аср давомида фармонга амал қилишмаган. Охир-оқибат Ватикан ўз қарорида қатъий туриб, Бонифация VIII йўл-йўл кийимни йўқ қилишнинг уддасидан чиққан.

Бугунга қадар кийимлардаги йўл-йўл чизиқларнинг бундай салбий нуфузига доир ягона изоҳ йўқ. Тарихчи Пастуронинг тахминига кўра, бу муқаддас китобда келтирилган гап (Эгнингга икки кийим кийма)нинг эркин изоҳларидан келиб чиққан.

Йўл-йўл чизиқларнинг иблисона характерланиши табиат томонидан шундай кўринишга эга жониворларни ҳам четлаб ўтмаган. Йўл-йўл мушуклар, йўлбарслар, илонлар ва сиртлонлар шайтоннинг шериклари ҳисобланган. Янги авлод зоологлари "оқлагунга қадар" зебра ҳам улар қаторида бўлган.

Иблис тарихига чек қўйилиши XVIII аср охирига тўғри келади. Бу даврда нафақат Франция ва Янги Дунёда, балки одамлар онгида ҳам ўзига хос инқилоб юз берган. Эндиликда йўл-йўл матога тақиқлов йўқ, аксинча - у омма орасида урф бўла бошлаганди. Айнан ўша пайтларда пайдо бўлган АҚШ байроғини ёдга олишга ҳожат ҳам бўлмаса керак.

Ўрта асрлардан бошлаб узоқ йўл босиб ўтган жамиятнинг йўл-йўл чизиқлар олдидаги қўрқуви маҳбуслар униформасида ўз аксини топган. Йўл-йўл униформа АҚШда XIX асрда, икки қамоқ тизими пайдо бўлиши билан пайдо бўлган. Пенсильвания тизими квакерлар томонидан ўйлаб топилган бўлиб, у маҳбусларни бир кишилик камераларда яшаш ва ишлашга мажбур қилиш орқали тавба қилишини тарғиб қиларди. Оберн тизими кун давомида қатъий шароитларда жамоавий ишлаш имконини бериб, саноатнинг махсус соҳаларини ташкил қиларди: уларнинг бир-бири билан мулоқот қилишига имкон берилмас, ҳар бир ҳаракат қатъий назорат остида бўларди, маҳбусларнинг сочлари бир хилда калта қилиб кесилган бўлиб, йўл-йўл униформа кийишган.

Маҳбуслар бир аср давомида шундай кийим кийишган. Йўл-йўл кийим кийганларнинг сўнггилари инглизлар бўлган (нацист Германиясининг концлагер маҳбусларини ҳисобга олмаганда). Аёллар 1971 йилгача, эркаклар эса 1991 йилгача оқ-кўк йўл-йўл кўйлак кийишган.