Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёв 2017 йил 9 августда “Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни давлат раҳбари расмий сайтида эълон қилинди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этиладиган олий таълим муассасалари рўйхати иловага мувофиқ тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига ушбу рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилди.

Белгиланишича, олий таълим муассасалари таркибида ташкил этилган махсус сиртқи бўлимларнинг бакалавриат таълим йўналишларига қабул ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ҳамда камида уч йил педагогик амалий иш стажига эга бўлган, мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасалари эҳтиёжлари асосида тасарруфида ушбу таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан бериладиган тавсияномага эга педагог кадрлар ҳисобидан амалга оширилади;

махсус сиртқи бўлимда ўқиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Таълим йўналишлари бўйича битта талабани бир йиллик ўқитиш қийматини аниқлаш белгиланган тартибда амалга оширилади;

махсус сиртқи бўлимда ўқиётган талабаларга имтиҳонлар, синовлар топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтида уларнинг ойлик маошлари асосий иш жойида сақланган ҳолда бир ўқув йилида икки марта бир ойдан ўқув таътиллари берилади. Бунда, ўқув таътиллари қоида тариқасида умумтаълим муассасаларидаги қишки ва ёзги таътил вақтига тўғри келган даврда берилади ва уларга белгиланган тартибдаги йиллик меҳнат таътилларини бериш тартиби ҳам сақланиб қолади;

талабаларнинг олий таълим муассасасида ўқишда бўлган даврига тўғри келадиган дарс соатлари ўқишга юборган таълим муассасасининг ўқитувчилари (ходимлари) томонидан меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари асосида ўтилади;

махсус сиртқи бўлим талабалари ўқишга киришда тавсиянома берувчи вазирлик ёки идора, олий таълим муассасаси ва талаба ўртасида ўқишни якунлагандан кейин тавсиянома берган ташкилот йўлланмасида кўрсатилган иш жойида (таълим муассасасида) беш йилдан кам бўлмаган муддатда ишлаб бериш мажбурияти билан уч томонлама шартнома тузилади;

махсус сиртқи бўлимларда таълим йўналишлари хусусиятига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбати қонун ҳужжатларида белгиланган нормативлар асосида белгиланади;

олий таълим муассасасида махсус сиртқи бўлим ўқув жараёнини ташкил этишга факультет декани мақомидаги бўлим бошлиғи раҳбарлик қилади.

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига 2017/2018 ўқув йили учун:

олий таълим муассасалари махсус сиртқи бўлимларида ўқиш учун тавсиянома берувчи вазирликлар ва идоралар рўйхатини;

мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасалари эҳтиёжлари асосида вазирликлар ва идоралар томонидан берилган таклифларни инобатга олган ҳолда махсус сиртқи бўлимларга қабул квоталарини;

махсус сиртқи бўлимларга қабул қилиш тартиби ва мезонлари ҳамда
уч томонлама шартнома шаклини тасдиқлаш ҳуқуқи берилди.

Келгуси ўқув йилларига қабул квоталари олий таълим муассасалари учун белгиланган тартибда белгиланади.

Педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этиладиган олий таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот бериш сиртқи таълим шаклида ташкил этилади, бунда иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот олиш бакалавриат таълим йўналишининг
2-курсидан (ўқув режалардаги фанлар фарқидан қатъи назар) камида 3 йил муддат этиб белгиланади.

2017/2018 ўқув йили учун махсус сиртқи ва сиртқи таълимларда ўқув жараёни истисно тариқасида жорий йилнинг 1 октябридан бошланиши белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2017 йил 30 сентябргача:

2017/2018 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг махсус сиртқи бўлимига 1-курсга талабаларни қабул қилиш юқори савияда ва адолатли ўтказилишини таъминлайди;

олий таълим муассасаларининг махсус сиртқи бўлимлари ташкил этилган таълим йўналишларининг ўқув режаси ва фан дастурларини тасдиқласин, шунингдек уларга мувофиқ фанларни ўқув адабиётлари билан таъминлаш чораларини кўради;

педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимларда дарс беришга юқори салоҳиятга эга профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантиради;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда олий таълим муассасалари томонидан тасдиқланган штатлар жадвали, даромадлар ва харажатлар сметасига тегишли ўзгартиришлар киритишни ва улар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилишини таъминлайди.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети махсус сиртқи бўлим таълим йўналишлари бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурлари ҳамда ўқув ва ўқув-методик адабиётларни яратиш бўйича таянч олий таълим муассасаси этиб белгилансин ва унинг ҳузурида педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилган олий таълим муассасаларининг ўқув-методик фаолиятини Мувофиқлаштирувчи Кенгаш ташкил қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Молия вазирлиги 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети томонидан педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилган олий таълим муассасаларини зарур ўқув ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминланишини молиялаштиришнинг аниқ чораларини кўриши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бир ой муддатда махсус сиртқи бўлимларга қабул қилиш тартиби, мезонлари ҳамда тузиладиган уч томонлама шартнома шаклини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юкланди.

Педагогика йўналишлари  бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этиладиган олий таълим муассасалари рўйхати

1. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети
2. Андижон давлат университети
3. Бухоро давлат университети
4. Гулистон давлат университети
5. Қарши давлат университети
6. Наманган давлат университети
7. Самарқанд давлат университети
8. Термиз давлат университети
9. Урганч давлат университети
10. Фарғона давлат университети
11. Жиззах давлат педагогика институти
12. Навоий давлат педагогика институти
13. Нукус давлат педагогика институти
14. Қўқон давлат педагогика институти
15. Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти