Онаизорнинг 6 йиллик фиғони: беморни комага туширган врач-гинеколог жиноий жавобгарликка тортилган

Жамият 09 Август 2017 53406

Фарғона шаҳар Бурса кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Ҳабибахон Усмонованинг Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига қилган мурожаати тўлиқ ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, Ҳабибахон Усмонованинг қизи Наргиза Убайдуллаева 2011 йилдан буён Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимида кома ҳолатда даволаниб келинмоқда, дея маълумот беради Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаровга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий сайти.

Фото: Facebook/Халқ билан мулоқот

О.Умаров томонидан берилган маълумотларга асосан, бемор Наргиза Убайдуллаеванинг касаллик тарихи қуйидагича бошланган:

Бемор 2011 йилнинг 27 ноябрида соат 06:25 да Фарғона шаҳар марказий шифохонаси туғруқ бўлимига олиб келинган. Навбатчи шифокорлар — Р.Э.Мамасиддиқов ва З.А.Усмоновалар томонидан бемор кўрикдан ўтказилиб, қуйидаги ташхис қўйилган: Ҳомиладорлик-2, 38 ҳафта, туғруқ-2, туғруқнинг биринчи даври. Асоратланган акушерлик анамнези (бачадон чандиғи). Камқонликнинг оғир даражаси.

Шундан сўнг шифокорлар бачадон чандиғи нуқсони, туғруқ травматизмининг олдини олиш мақсадида ҳаётий кўрсатмага кўра, шошилинч равишда туғруқни жарроҳлик йўли билан олиб бориш зарурлигини беморнинг қариндошларига тушунтиришган. Бемор шошилинч операцияга тайёрланиб, шу куннинг ўзида соат 07:00 да операция хонасига ўтказилган. Операция пайтида беморда ўткир нафас ва юрак етишмовчилиги сабабли, нафас ва юрак фаолияти тўхташи кузатилган. Юрак фаолияти икки бора тўхташи кузатилиб, кўрилган реанимацион чоралардан сўнг операция давом эттирилган ва соат 09:15 да якунланган. Шундан кейин бемор сунъий нафас олиш аппарати ёрдамида, интенсив даволаш мақсадида реанимация бўлимига ўтказилган.

Фото: Facebook/Халқ билан мулоқот

Унинг аҳволи оғирлашганлиги сабабли, 2011 йил, 28 ноябрь куни соат 05:45 да вилоят мутахассилари иштирокида қайта операцияга олинган. Унда релапаротомия, бачадон ампутацияси, ички ёнбош артерияларини боғлаш ва қорин бўшлиғини дренажлаш операцияси бажарилган.

2012 йилнинг апрель ойидан беморга I гуруҳ ногиронлиги белгиланди. Фарғона шаҳар Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг тавсияга асосан, Фарғона шаҳар ҳокимининг 2012 йил 16 июлдаги қарори билан Ҳабибахон Усмонова беморга васий ҳомий этиб тайинланиб, унга 405 минг сўм миқдорида нафақа белгиланган. Бемор Н.Убайдуллаева эса реанимация бўлимида алоҳида хонада парвариш қилинмоқда.

Ҳозирги кундаги ташхиси: Сурункали вегетатив ҳолат, оёқ ва қўл бўғимлари контрактураси, мушаклар дистрофияси. Темир танқислик камқонлигининг ўрта оғир даражаси.

Фарғона шаҳар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан текширув ўтказилиб, тиббиёт бирлашмасининг икки нафар шифокори — реаниматолог-анестезиолог Райим Қорабоев ва врач-гинеколог Раҳмат Мамасидиқовларга нисбатан ушбу даволаш жараёнида йўл қўйган камчиликлари учун жиноий жавобгарлик белгиланган ва қонуний чоралар кўрилган.

Айни кунларда бемор Наргиза Убайдуллаеванинг умумий аҳволи турғун беҳуш, бўғимлар деформацияланган, мускуллар атрофияланган. Нафас олиши трахеостомик найча орқали, вақти-вақти билан юқори нафас йўллари электр сўрғич ёрдамида санация қилиб турилади. Ўпкаларда суст везикуляр нафас, гемодинамика стабил. Озиқланиши ошқозон зонди орқали. Диурез уретрал катетер ёрдамида.

Республика ишчи гуруҳи ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбариятининг бемор Н.Убайдуллаевани амалдаги қонунда белгиланган тартиб асосида «Мурувват» уйига жойлаштириш таклифи беморнинг онаси Ҳ.Усманова томонидан рад этилди.

Бемор Тошкент врачлар малакасини ошириш институти Неврология кафедраси, Андижон давлат тиббиёт институти Неврология кафедраси профессорлари, Жанубий Корея, Ҳиндистон давлатидан ташриф буюрган мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилиб, қўйилган ташхис ва даволаш муолажалари тўғрилиги қайд этилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда юқоридаги ҳолат 0,06 фоиз ҳолларда учраб туради. Бундай касалликлар билан йиллар давомида даволанаётган беморга нисбатан ҳам маънавий, ҳам жисмоний, ҳам иқтисодий томондан жуда катта куч, эътибор ва парвариш талаб қилинади. Белгиланган тартибга асосан, ушбу беморлар босқичма-босқич равишда жадал терапия шароитидан, парваришлар амалга ошириладиган стационарлар шароитига ўтказилиши талаб этилади.

Лекин, ушбу асоратдан сўнг рўй берган мураккаб вазиятни тўлиқ тушунган ҳолда, беморнинг қариндошлари талабини қондириш мақсадида ҳамда инсонийлик нуқтаи назардан бемор Н.Убайдуллаевага 6 йилдан буён фақат реанимация бўлимида шифокорлар, ҳамширалар, қолаверса, барча катта ва кичик тиббиёт ходимлари томонидан узлуксиз парвариш (озиқлантириш, санитар ишловлар, кўрпа-тўшакларни алмаштириш, чўмилтириш ва ҳ.к.) ўтказилиб келинмоқда. Жумладан, давлатимиз томонидан Фарғона вилояти ҳокимлиги, Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси, маҳалла фуқаролар йиғини кўмагида кўплаб беминнат маблағлар сарф қилиб келинмоқда.

Ҳозирги кунда бемор Н.Убайдуллаевага реанимацион тиббий муолажалар давом эттирилишига кўрсатма мавжуд эмас, фақат парвариш даркор. Шундай экан, айни дамда бемор уй шароитида ёхуд «Мурувват» уйида парваришланиши мумкин.

Таҳририятдан: Фарғона вилоятида хизмат сафарида бўлиб турган ходимларимиз ҳам шу масала юзасидан беморнинг оиласи билан учрашишни режалаштирган.

Кўпроқ янгиликлар