Россиянинг Оренбург вилоятида микроавтобуснинг енгил автомобиль билан тўқнашуви оқибатида икки киши ҳалок бўлди, беш инсон шифохонага олиб кетилди. Бу ҳақда Россия ФВВнинг минтақа бўйича бош бошқармаси сайтида хабар берилган.

ЙТҲ Оренбург туманидаги Нижняя Павловка — Холодние Ключи автомобиль йўлининг 12-километрида юз берган.

«Маълумотларга кўра, ЙТҲ натижасида икки киши ҳалок бўлди, беш инсон Оренбург тумани марказий шифохонасига олиб кетилди. Яна етти шахс Пирогов номидаги шаҳар клиник касалхонасига текширувдан ўтказиш учун етказилди», - дея хабар беришган қутқариш хизматидан.

Таъкидланишича, воқеа жойига вилоят губернатори Юрий Берг ва ФВВнинг минтақадаги бош бошқармаси раҳбари етиб борган. 

РИА «Новости»’нинг минтақа тезкор хизматларидаги манбага асосан хабар беришича, микроавтобусда, дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон фуқаролари бўлган.