Шимолий Корея АҚШ стратегик бомбардимончиларининг Гуам оролидаги АҚШ базасидан парвоз қилишига жавобан бу база жойлашган ҳудудга ракета зарбаси бериш режасини тузмоқда. Шимолий Корея армияси стратегик кучларининг бундай баёнотини Шимолий Кореянинг KCNA агентлиги тарқатди.

Баёнотда АҚШ ҳукумати Корея яриморолидаги вазиятни кескинлаштиришда айбланган. Пхеньян бунинг исботи сифатида Minuteman III баллистик ракета синовини ва АҚШ стратегик бомбардимончиларининг минтақада мунтазам парвозларини келтирди. "АҚШнинг бундай ҳарбий манёврлари Корея яриморолидаги фавқулодда кескин вазият шароитида хавфли можаро келтириб чиқариши мумкин", деб огоҳлантирган Пхеньян.

Баёнотда айтилишича, АҚШ учун Шимолий Кореяга бостириб киришда "бошланғич нуқта" бўлиб Тинч океанида жойлашган Гуам оролидаги база ҳисобланади. Шу сабабли Шимолий Корея армияси "бу базани йўқ қилиш бўйича амалий чоралар кўради", дейилган хабарда.

Баёнотда, шунингдек, Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин АҚШ тажоввузини ушлаб туриш режасини тузишга буйруқ берган. "Шимолий Корея стратегик кучлари Гуам оролига ўрта масофаларга мўлжалланган "Хвасон-12" баллистик ракетаси билан зарба бериш бўйича тезкор режани батафсил ўрганмоқда", дейилган баёнотда.

Яқин орада бу режа Шимолий Кореянинг олий ҳарбий қўмондонлигига тақдим қилинади. "У Шимолий Корея ядровий кучлари бош қўмондони Ким Чен Ин буйруқ бериши биланоқ исталган вақтда амалга оширилади", деб айтилган Пхеньянда.

Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларининг Маниладаги учрашувида Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Ли Юн Хо Пхеньян "Вашингтонга ядровий қурол қўллаган ҳолда аёвсиз сабоқ бериб қўйишга" тайёрлигини айтган. Бундан кейин АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Кореядан АҚШга таҳдид қилишни бас қилишни талаб қилган. Трампнинг айтишича, акс ҳолда Шимолий Корея "дунё аввал кўрмаган олов ва ғазабга учрайди".