Ироқ Олий жиноят суди қарорига кўра, 27 киши 2014 йили ИШИД жангарилари томонидан амалга оширилган «Шпайхер қатлиоми»га алоқадорликда айбланиб, ўлим жазосига маҳкум этилди. Сешанба куни эълон қилинган қарор матни билан журналистларни таништирган мамлакат Олий жиноят суди вакили Абдул Саттор Бироқдор «27 нафар жиноятчи ўшанда 1,700 киши қатл этилгани учун жазоланиши керак», деб фикр билдирган.

Қарор Олий жиноят суди томонидан қабул қилинганига қарамай, айбланувчилар апелляция қилиши ва ўз ҳимояси учун далилларни келтириши мумкин. Ушбу кишиларнинг жазоланиши «Шпайхер қатлиоми»га алоқадор шахсларнинг ўлимга маҳкум этилишига оид иккинчи йирик қарор ҳисобланади. 2016 йили Ироқ ҳукумати 36 нафар жиноятчини дорга осиш орқали ўлим жазосига маҳкум этган эди.

Шпайхер, Тигрит шаҳри яқинидаги АҚШнинг собиқ ҳарбий базаси, ИШИД жангарилари томонидан назоратга олингач, қўлга олинган шиа эътиқодидаги кишиларнинг қатлиомига гувоҳ бўлган. Ҳозиргача жангарилар томонидан ўлдирилган кишиларнинг 1,700 нафарга яқини кафанланиб, қайтадан кўмилди.