Туркия "помидор санкциялари"га жавоб бериш билан таҳдид қилди

Жаҳон 09 Август 2017 15162
Фото:EPA

Туркия Россиянинг озиқ-овқат маҳсулоти эмбаргосига жавобан чора кўриши мумкин, деб ёзади Hürriyet Daily News иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчининг сўзларига асосланиб. Нашрда таъкидланишича, бу масалага оид маслаҳатлашувлар давом этади. 

Вазир Анқарадаги чиқиши вақтида турк помидорлари, шунингдек бошқа сабзавотлар экспорти масаласи ҳал қилинмай қолганини қайд этди. 
 
"Эҳтимол, биз жавоб чоралари кўришга мажбур бўлармиз", - деди Зейбекчи. 
 
2015 йилда Туркия Сурия чегараси яқинида Россия самолётини уриб туширганидан кейин РФ турк помидорлари етказилишига нисбатан эмбарго киритганди. Ўшандан кейин Москва ва Анқара ўртасидаги муносабатлар энди-энди изига тушаётган эди. Шунга қарамай, бу маҳсулотларни етказиб беришга тақиқлов ўз кучини йўқотмаган, дейилади манбада. 
 
2 июнь куни Россия бош вазири Дмитрий Медведев қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб берилишига нисбатан қўйилган чекловларнинг бекор қилинишига доир қарорни имзолаган, шу билан бирга турк қурилиш фирмаларининг Россияда ишлашига изн берганди. 
 
Бугунга келиб икки чеклов ўз кучини сақлаб қолмоқда: турк фуқароларининг Россия ҳудудига визасиз кириши ва помидор етказиб берилиши. Бош вазир ўринбосари Аркадий Дворковичнинг сўзларига кўра, турк помидорлари масаласи муҳокамаси ҳали давом этади. 

Кўпроқ янгиликлар