«Ливерпуль»нинг собиқ ҳимоячиси Жейми Каррагер «Ливерпуль» ва «Челси» жамоалари кураш олиб бораётган «Саутҳемптон» футболчиси Виргил ван Дейк билан боғлиқ вазият хусусида фикрларини билдириб ўтди.

Шу кунларда 26 ёшли нидерландиялик ҳимоячи «Саутҳемптон»га ўзини трансферга қўйишни сўраб расман мурожаат қилган.

«Кейинги 10 йил «Челси» учун «Ливерпуль»га қараганда муваффақиятли ўтди. Улар амалдаги чемпионлар, Лондонга ўтиш яхшироқ вариант кўринади, ҳозирда «Челси» «Ливерпуль»дан яхшироқ.

Аммо мен унинг ўрнида бўлганимда «Челси»нинг 3 ҳимоячи билан ўйинни қандай қуришига эътибор қаратган бўлардим. Назаримда унинг ўрни марказий ҳимояда, Лондон жамоасида эса бу ўринни Давид Луиз банд этган. Мен улардан бири марказда эмас, қанотда ўйнай олиши мумкинлигини тасаввур қила олмайман.

Ўйлайманки, «Ливерпуль»га ўтса ван Дейк жамоага яна совринлар учун курашишда ёрдам бериши мумкин бўлади. Одамлар премьер-лига ҳақида гапиришади, аммо кейинги 10–12 йилда «Ливерпуль» фақат битта соврин олди. Бу билан фахрланиб бўлмайди», — деган Каррагер.

«Челси» ван Дейк учун 50 миллион фунт таклиф қилмоқда. Аммо жамоа бу футболчисини қўйиб юборишни истамаяпти.

Аввалига ван Дейк «Ливерпуль»га ўтишни истаётганди, бу жамоа ҳам унинг учун 50 миллион фунт тўлашга тайёр. Аммо «Саутҳемптон» «Ливерпуль»ни клубни айланиб ўтган ҳолда кўп муддатли шартномага эга футболчи билан музокара ўтказишда айблаб чиқди ва шундан кейин ушбу трансфер жараёни тўхтаб қолди.

Футболчининг ўзи клубдан кетишни қаттиқ истамоқда.

«Челси» ван Дейкни «илиб кетмоқчи»