Илон Маскнинг келгуси 10 йилликлардаги режаларини камтарона деб бўлмайди. Tesla бош директори бу муддат мобайнида автомобиллар ишлаб чиқаришни кенгайтириш баробарида яна бир нечта янги моделларни ишлаб чиқиш ҳамда 2020 йилгача ўзи мустақил ҳаракатланувчи транспорт воситалари чўққисини забт этишни режалаштирмоқда. Қуйида Tesla компаниясининг яқин йилларда қандай ривожланишига оид дастури қисқа шаклда ҳавола қилинмоқда. 

Улкан Gigafactory қурилишини тамомлаш

Невада штатида батареялар ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик фабрикани Tesla келажагининг калити дейиш мумкин. Чунки, шу билан компаниянинг батарея ва бошқа электромобилларнинг бутловчи қисмлари қийматини 30 фоизга арзонлаштириши керак. 

2 млн кв.м. майдондаги Gigafactory 2018 йилда тўлиқ ишга тушади. Унда «ҳажм иқтисодиёти, инновацион ишлаб чиқариш, чиқиндилари камайтириш ва ягона ишлаб чиқариш биносида содда оптималлаштириш» ҳисобига харажатлар камайтирилади. Бундан ташқари, Tesla бу заводида 2013 йили барча литий-ионли батарея ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларидан кўпроқ батарея ишлаб чиқаришни режалаштирган. 

Model 3 арзон электрокарини ишлаб чиқаришни бошлаш

Gigafactory заводида ишлаб чиқариладиган батареялар Tesla компаниясига ўзининг биринчи серияли Model 3 машинасини йиғишнии бошлашга имкон беради.

У 35 000 доллар атрофида туради ва бир қувват билан 300 кмдан кўпроқ юра олади. Шу ўринда, айтиш жоизки, Tesla ўтган ойдан Model 3 электрокарини ишлаб чиқаришни бошлади.

 
Ихчам Model Y йўлтанламасини 2019 йил охири 2020 йил бошигача тайёр қилиш. Маск 2016 йил июлида Tesla бозорга янги, ихчам Model Y йўлтанламасини етказиб беришини тасдиқлаган эди. У, шунингдек, бу машина Model 3 платформасидан умуман фарқ қилувчи янги шассида барпо этилишини айтганди.

Электрли ярим тиркама сентябр ойида намойиш этилади

Илон Маск август ойида компания Tesla ярим тиркама устида иш олиб бораётганини эълон қилди. Июнь ойида эса йирик юк ташувчи компаниялар билан биринчи электрли ярим тиркамани ишлаб чиқиш учун ҳамкорлик қилаётгани маълум бўлганди.
 
«Биз прототипни сентябрь ойи охирида намойиш қиламиз, аммо биз уларни оғир юк машиналарини харид қилувчиларга кўрсатишга улгурдик. Тиркама уларга маъқул бўлди», - деган эди Маск. «Улар фақат қанча ва қачон тўлаш кераклигини билишмоқчи».

Tesla автомобилларининг бир марта қувватланиш билан 1000 км масофани ортда қолдиришига эришиш

Tesla автомобиллари бозорда яхши натижага эга, аммо Маск Tesla автомобилларининг бир марта қувватланиб, юриш масофасини тубдан ўзгартириш ниятида. 

«Ҳозирда рекорд 800 км бўлиб, у Model S седанига тегишли», -  деган эди  Маск 2015 йил сентябрида. «Ўйлайманки, биз яна бирор йилларда 1000 кмлик довонни ошамиз. Бу 2017 йилда амалга ошса керак».

Маскнинг қўшимча қилишича, Tesla 2020 йилга бориб, бу рақамни 1300 кмга етказа олади.

 
Гарчи Tesla рекорди бугунги кунда 1000 кмни ташкил этса-да, Tesla Model S P100D расман 500 километргача юра олади, деб ҳисобланади.
 
Автомобилларни тўлиқ муқобил машиналарга айлантириш

Маскнинг ваъдаларидан яна бири Tesla автомобиллари 2020 йилга келиб тўлиқ муқобил бўлишини таъминлашдир. 

Tesla ўзининг Enhanced Autopilot муқобил бошқарув тизимини ўтган йили октябрида синовдан ўтказа бошлади. Ўшанда Маск мазкур дастурий таъминот тўлиқ тайёр бўлса, у транспорт воситасини тўлиқ муқобил бошқариладиган воситага айлантиришини айтган эди.
 
Бироқ Маск фикрича, ўзини-ўзи бошқарадиган автомобиллар тайёр бўлган вақтда қонун ишлаб чиқарувчилар улардан фойдаланишни тартибга солувчи тартибларни ишлаб чиқаришга улгуришмайди. Шунга кўра, ҳайдовчилар рул чамбарагидан халос бўлишлари учун бироз кутишларига тўғри келади. 

Ҳозирча, компания автопилотда Лос-Анжелесдан Нью-Йорккача келишни режалаштирмоқчи. Ҳар ҳолда, айтиш мумкинки, компания электромобиллари 2019 йилга келиб, тўлиқ муқобил бўлади.

2018 йилда 500 минг автомобилни йиғиш

Tesla 2015 йилда 50 000 дона автомобиль йиғди. Бироқ Маск 2016 йил майида унинг компанияси 2018 йилда 500 минг донадан кам автомобиль ишлаб чиқармасликни режалаштираётгани ҳақида баёнот берди. 

Бу қанчалик йирик рақам эканини англаш учун Tesla 2016 йилда 76 мингдан бироз кўпроқ автомобиль йиққанини айтиш кифоя. Шунга кўра, компания анча дадил мақсадларни олдига қўймоқда. 

«Ишлаб чиқариш ҳажмини яқин 2 йилда 5 баробарга ошириш мушкул вазифа ва эҳтимол қўшимча маблағларни талаб қилиши мумкин. Аммо бизнинг мақсадимиз шундай. Биз унга етиш учун қаттиқ ишлаймиз», - дейилади компаниянинг сармоядорларга йўллаган мактубида. 

2020 йилда 1 млн дона автомобиль

Ҳа, гўёки 2018 йилда эришилиши кутилаётган 500 минг дона автомобиль кифоя қилмаётгандек таассурот пайдо бўлади. Маск мақсадни юқорироқ кўтариб, 2020 йилда 1 млн дона автомобиль ишлаб чиқаришни хоҳламоқда.

Хўш, бундай баландпарвоз мақсадларга қандайдир асос борми? Model 3 машинасига бўлган талаб кутилганидан ҳам кўп бўлди. Шу боисдан ҳам Tesla ўз режаларини қайта кўриб чиқди. Компания эълон қилганининг биринчи ҳафтасидаёқ 325 минг буюртма олди. Бугунги кунда буюртмалар сони 450 мингдан ошади.
 
2018 йилда қувватловчи станциялар сонини икки карра ошириш

Йўлларда Tesla автомобиллари кўпайгани сайин инфратузилмаларни ҳам кенгайтириш талаб этилади. 

2016 йил мартида Model 3 намойиш қилинганида Маск компания Supercharging қувватлаш тармоқларини ҳам кенгайтиришни режалаштираётганини айтганди. Supercharger — станцияларида Tesla автомобилини 30 дақиқада 300 километрга кифоя қиладиган даражада қувватлантириш мумкин.


 
Илон Маск Model 3 тақдимотида Tesla бутун дунёдаги станциялар сонини икки каррага ошириб, 3 600 дан 7 000 га етказишни режалаштираётгани ҳақида айтганди. Бироқ Tesla жорий йил апрель ойида бу режаларини қайта кўриб чиқди. Унга мувофиқ, шу йил охирига келиб, станциялар 10 мингтани ташкил этади. Шунга кўра, компания ўз иш жадвалини ортда қолдирмоқда дейиш мумкин. 

Tesla энергетика компаниясига айланади

Маск компаниясининг фақатгина электромобиллар ишлаб чиқарувчи компания бўлиб қолишини истамаяпти. У Tesla автомобиллар учун зарур электр қувватини ҳам ишлаб чиқаришини хоҳламоқда. 

Tesla 2016 йил йил ноябрь ойида қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи SolarCity компаниясини харид қилди. Маск ўшанда Tesla компаниясини мустақил энергетика компаниясига айлантириш режасини билдирганди. 

2016 йил октябрида акциядорлар SolarCity компаниясини харид қилиш бўйича овоз беришидан аввал Маск Tesla Solar Roof томларини намойиш қилди. «Қуёш панелли том» қуёш панелли черепицадан иборат бўлиб, Tesla компанияси энергия ишлаб чиқариш масаласини ҳал этиши керак.

Компания Solar Roof томларига май ойидан буюртмалар ола бошлади. Унинг бир квадрат метри 60 доллардир. 

Бу йил компания Tesla Network мобил хизмати тафсилотларини ҳам эълон қилади

Маск 2016 йил июлида Tesla мобил хизмат устида ишлаётгани ҳақида сўз юритди. Унга кўра, компания тўлиқ муқобил бўлса, автомобиль эгалари учун махсус дастурий таъминот ишлаб чиқаради. Унинг воситасида ҳайдовчилар бошқа кишиларга мобил алоқани таклиф этади ва шу орқали даромад қилишлари мумкин бўлади.

«Сиз ўз автомобилингизни Tesla компаниясининг умумий флотига қўша оласиз. Бунинг учун Tesla телефон иловасидаги тугмачани босиш кифоя қилади. Сиз дам олаётганда ёки таътилга чиққанда у пул ишлайди», - деган эди Маск. 

Мана шунақа гаплар. Яқин йилларда Илон Маск хаёлига яна қандай лойиҳалар келишини эса вақт кўрсатади.