Ҳозирги кунда Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига жаҳон андозасига жавоб берадиган, намунали вагонлар етказиб берилмоқда. Бу ҳақида сотувлар ва сервис хизматлари бўйича раҳбар Дилмурод Ниғмонов Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги анжуманида хабар берди. 

Дилмурод Ниғмонов

"Ҳозирги кунда барча йўналишларда ҳаракатланадиган вагонларни қулай ўриндиқлар билан таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Чиндан ҳам, плацкарт ва купеларда узоқ йиллардан бери ишлатиб келинаётган, таъмирталаб вагонларни кўришимиз мумкин. Бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган барча вагонлар ўриндиқли, замонавий бўлиб, йўловчи талабларга жавоб беради", дея таъкидлади Дилмурод Ниғмонов.

“Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖ бошқарув раиси Дилшод Дадахўжаевнинг сўзларига кўра, айни дамда 250дан ортиқ янги вагонлар ишлаб чиқарилмоқда. 

Маълумот ўрнида: “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг транспорт соҳасидаги хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш мақсадида ҳаракатланадиган таркибни замонавий, юқори самарали локомотив ва қулай вагонлар билан таъминлаш ва модернизация қилишга алоҳида эътибор берилмоқда. Сўнгги йилларда 49 та замонавий электровоз ва 10 та йўловчи ташишга мўлжалланган тепловоз сотиб олинди, 120 та локомотив модернизация қилинди.