«Барселона» клуби ҳамон Неймарнинг трансфер сертификатини «ПСЖ» клубига жўнатмади.

As манбаси хабарига кўра, каталонияликлар Неймарнинг трансфери учун 222 млн евро маблағ ўз ҳисобига келиб тушишини кутмоқда. Шундан сўнг, клуб Испания футбол федерациясига футболчининг ҳужжатларини жўнатишга рухсат беради.

Қайд этилишича, бу расмиятчилик амалга оширилмагунча, Неймар янги жамоаси таркибида майдонга туша олмайди. У «Амьен» (2:0) клубига қарши дастлабки тур ўйинини ўтказиб юборганди. Энди эса 13 август куни 2-тур доирасида «Генгам»га қарши кечадиган учрашувда ҳам майдонга тушмаслиги мумкин.

L’Equipe маълумотига кўра эса, 18 августдан кейин халқаро сертификат автоматик равишда йўлланади. Ҳозирда Франция футбол лигаси раҳбарияти жараённи тезлаштиришни сўраб, ФИФАга мурожаат қилмади.