«Боруссия» Дембелени жазолади

Спорт 10 Август 2017 11492

Дортмунднинг «Боруссия» клуби жамоа ҳужумчиси Усмон Дембеле жамоа машғулотларидан четлатилгани ҳақида расман маълум қилди. Футболчи энди Германия Кубоги доирасида ФК «Рилазинген-Арлен» клубига қарши 12 августга белгиланган учрашувда иштирок этмайди. 

Жамоа спорт директори Михаэл Цоркнинг маълум қилишича, дортмундликлар шу тариқа  футболчини жамоанинг охирги машғулотини бойкот қилгани ва бу билан ҳурматсизлик кўрсатгани учун жазолаган.

Бундан аввалроқ хориж нашрларида Усмон Дембеле «Боруссия» раҳбариятидан ўзини «Барселона»га сотишни талаб этаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Жамоа раҳбарияти эса «Барселона» билан ҳеч қандай музокара ўтказилмаётганини маълум қилди.

Аммо бироз олдинроқ жамоа сайтида Дембеле учун каталонияликлар клубидан расмий таклиф келиб тушгани, музокаралар давомида бу таклиф рад этилгани ҳақида хабар берилди.

Охирги хабарларга кўра, Дембеле учун «Боруссия» «Барселона»дан 150 млн евро талаб этмоқда. Каталонлар жамоаси таклифи эса 100 млн евродан иборат.

Дембеле «Боруссия» базасига келмади. У қаердалиги номаълум

Кўпроқ янгиликлар