Таркибида фипронил кимёвий моддаси бўлган камида 700 минг дона тухум Буюк Британияга импорт қилинди. Тухумлардан озиқ-овқат саноатида фойдаланилган ва улар турли маҳсулотлар ҳамда тайёр таомлар таркибида сотувга чиққан. Бу ҳақида 10 август куни Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги миллий бошқармаси маълумотларига асосланиб, Sky News телеканали хабар берди. 

Дастлабки баҳоларга кўра, Буюк Британияга таркибида кимёвий модда бўлган 21 минг дона тухум олиб кирилган. 

Можаро ўтган ҳафта Европада бошланган. Тухумлар паразит-ҳашаротлар билан курашда қонунга хилоф равишда фипронилдан фойдаланган Нидерландия фермаларидан келтирилган. Тергов маълумотларига кўра, инсектицид Бельгия ҳудудида фаолият юритган фирмада ишлаб чиқарилган. Фипронил дозаси ЕИ белгилаган нормалардан юқори бўлган маҳсулот асосан Германияга етказиб берилиб, бошқа мамлакатларга ҳам олиб кирилган. 

Фипронилли тухумлар Буюк Британия дўконлари расталарига асосан тайёр маҳсулотлар таркибида келган. Қонунга хилоф ҳолат аниқланган вақтга келиб, тухумларнинг аксарияти сотиб бўлинган. 

Экспертларнинг фикрича, бу маҳсулотлардаги кимёвий модда дозаси кам бўлиб, улар харидорлар саломатлигига зиён етказмайди. Шундай бўлса-да, фипронилли тухумлар қўшилган қолган маҳсулотлар сотувдан олинган. 

Фипронил бурга, кана ва бошқа паразитлар билан курашишда қўлланилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бу модда инсоннинг организмига тушиб, у ерда тўпланиб қолса, жигар, буйраклар ва қалқонсимон без фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Фипронилни чорвачиликда қўллаш тақиқланган.