Эроннинг Тожикистондаги элчихонаси Тожикистон ички ишлар вазирлиги фильмида Тожикистондаги 1990-йиллардаги шов-шувли қотилликларни молиялаштиришда Эронга қўйилган айбловни асоссиз ва шубҳали деб атади. Бу ҳақда 10 августда “Азия-плюс” хабар берди.

8 августда Тожикистон телевидениеси орқали Тожикистонда машҳур сиёсатчилар, олимлар ва журналистларнинг ўлдирилиши Эроннинг молиявий кўмаги ва Тожикистоннинг собиқ мудофаа вазири ўринбосари Абдуҳалим Назарзода топшириғи билан амалга оширилгани айтилган ҳужжатли фильм намойиш қилинган. Фильмда Эрон Тожикистон парламентининг собиқ спикери Сафарали Кенжаев, таниқли журналист Отахон Латифий, олимлар Муҳаммад Осимий, Юсуф Исҳоқий, Минхўжа Гулямов, сиёсатчи Карим Юлдашев, таниқли ёзувчи Сайф Раҳим, собиқ муфтий Фатхуллохон ва Россиянинг Тожикистондаги 201-мотоўқотар дивизиясининг 20 га яқин зобити ўлдирилишининг бош молиявий манбаси эканлиги айтилган.

9 август куни фильм Тожикистоннинг барча давлат телеканаллари орқали такроран намойиш қилинган.

Шу муносабат билан Эрон элчихонасининг расмий сайтида жойлаштирилган баёнотда айтилишича, фильм кимнингдир кўрсатмаси билан тайёрланган, унинг муаллифлари эса икки давлат ўртасидаги муносабатларга нифоқ солишга уринмоқдалар.

“Шубҳа йўқки, ушбу фильм яратувчиларининг икки давлатнинг тарихан вужудга келган алоқаларига зиён етказишга уриниши беҳудадир. Фильм муаллифларининг судланганлар ва бугунги кунда ҳаёт бўлмаган шахслар номидан гапиришлари ҳақиқат сифатида қабул қилиниши мумкин эмас”, дейилган Эрон элчихонаси баёнотида. 

Элчихонанинг таъкидлашича, Тожикистон халқи айнан Эрон тожик ерида тинчликка эришишнинг кафолатларидан бири эканлигини, айнан Эронда Тожикистондаги тинчлик жараёнининг бир неча раунди ўтганини ёдда сақлайди ва унутмайди. Бундан ташқари, Эрон Тожикистонга “Истиқлол” туннелини барпо этишда, “Сангтуда-2” ГЭСи, Душанбедаги “Сино” клиникаси, ўнлаб маданият, спорт объектлари қурилишида, ўнлаб ночор тожик оилаларига ёрдам кўрсатган.

Элчихона “Эрон террорчиликка қарши аёвсиз кураш олиб боришини бутун дунёда билишлари”ни қўшимча қилган ва “бундай фильмларнинг Тожикистон энергетика ва сув захиралари вазирининг Теҳронда Эрон президенти инаугурация маросимида иштирок этгандан кейин намойиш қилиниши икки дўстона халқ муносабатларига путур етказа олмаслиги ва барча бундай уринишлар бефойдалигидан» огоҳлантирган.