Сўнгги суткада 12 соат фарқи билан икки кучли ер силкиниши Хитойнинг ғарбий ҳудудларини ларзага солди, табиий офат натижасида 19 киши қурбон бўлди, 300 дан зиёд киши жабрланган.

Магнитудаси 7 баллга тенг бўлган биринчи зилзила сешанба куни тунда Сичуан провинциясининг Нгава Тибет ва Цянг автоном префектураси Жуичжайгоу миллий паркининг сайёҳларнинг севимли гўшасида содир бўлган. Айнан кўплаб инсонларнинг бир жойда тўпланганлиги ва атрофнинг тоғлар билан ўралганлиги 19 кишининг қурбон бўлиши ва 300 дан инсоннинг жабрланишига сабаб бўлган.

Одамлар зилзиладан сўнг кўчаларда тунашмоқда.
Фото: © REUTERS / Stringer

6,6 магнитудали иккинчи зилзила чоршанба куни эрталаб Шинжонг-Уйғур автоном районининг Бўртала-Мўғул автоном префектурасида содир бўлган. Қайталаган кучли афтершокларга қарамасдан, бу ҳудудларда аҳоли зичлиги паст бўлганлиги сабабли қурбонлар рўй бермаган. Сўнгги маълумотларга кўра, жабрланганлар сони 34 кишига етган.

 

Сичуандаги фожиа

Сичуан провинцияси зилзила ва сув тошқини каби табиий офатларга мудом мубтало бўлиб келади. Бу ерда энг йирик фожиа 2008 йилнинг майида рўй берган эди. Ўшанда 7,9 магнитудали зилзила 80 минг кишининг ёстиғини қуритган.

Сешанба куни юз берган асосий ер силкинишидан сўнг 1,3 мингта афтершок рўй берган ва бу зилзилалар ҳам жузъий вайронагарчиликлар келтириб чиқарган. Хитой ҳукумати ҳозирча талофат миқдорини маълум қилганича йўқ, лекин телевизион кадрлардан кўринишича, етказилган зарар жуда улкан.

Шу пайтгача маълум бўлгани шуки, Хитой ривожлантириш ва ислоҳотлар давлат қўмитаси вайронагарчиликларни бартараф этиш ва тиклаш ишларига марказий бюджетдан 60 миллион юан (8,9 миллион доллар), молия вазирлиги эса жабрланганларга товон пули тўлаш учун 100 миллион юан (14,9 миллион доллар) ажратган.

 

Қутқарув операцияси

Тош уюмлари, ағнаган дарахтлар, пачоқ бўлган машиналар, вайрон бўлган бинолар ва тўсиқлар, майдон ва кўчалардаги ваҳима босган одамлар, замбиллардаги ярадорлар, тўлиб тошган шифохоналар — ижтимоий тармоқлардаги фотосуратлардан шу манзара аён бўлмоқда.

Ҳукумат кенг кўламли қидирув-қутқарув операциясини бошлаган, унга тоғли ҳудуднинг рельефи, йирик тош уюмлари ва силкинишларнинг такрорланиш эҳтимоли халақит бермоқда.

Табиий офат оқибатларининг бартараф этиш ва қидирув ишларида нафақат қутқарувчилар ва шифокорлар ишлашмоқда. Хитой халқ озодлик армияси 1285 нафар ҳарбий, 90 та транспорт воситаси ва 9 та самолётни табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун жалб қилди. Шунингдек, воқеа юз берган жойларда ХХРнинг қуролланган полицияси 1,3 минг вакили, 2 мингдан зиёд ўт ўчирувчи ва 40 дан зиёд ит ишламоқда.

 

Туризм учун ноқулай вақт

Жуижайгоу миллий парки провинциянинг энг машҳур гўшаси саналади ва у ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Бу ерга йилига юз минглаб сайёҳ ташриф буюради, сешанба куни паркда 35 минг турист бўлган.

Жуижайгоу етиб бориш қийин бўлган тоғли жойда жойлашганлиги сабабли туристлар тунда парк яқинидаги меҳмонхоналарда тунашни афзал билишади, айнан шу сабабли кенг кўламли эвакуация ишлари олиб борилган.

Ҳукумат табиий офат ёпирилган ҳудудлардан 60 мингга яқин туристни эвакуация қилган, мамлакат бўйлаб барча сайёҳлик агентликлари турларнинг оммавий бекор қилиниши ва яқин саналарга меҳмонхоналарни брон қилиш тўхтатилганини маълум қилишмоқда.

Хитой ташқи ишлар вазири жабрланганлар орасида бир неча нафар хорижий фуқаролар борлигини маълум қилиб, уларнинг фуқаролигига аниқлик киритмаган. Синхуа агентлиги жабрланганлар орасида Франция ва Канада фуқаролари борлигини маълум қилган.

Эвакуация қилинишни кутаётган сайёҳлар учун бир нечта палаткали лагерлар барпо этилган, уларга одеёл, озиқ-овқат, сув ва зарур нарсалар берилмоқда.