8 августда Хитойнинг Сичуань вилоятида юз берган вайронкор зилзила оқибатида жабрланганлар сони 343 кишига етди, деб маълум қилди Хитой марказий телевидениеси.

Аввалроқ 19 киши ҳалок бўлгани ва 263 киши жароҳат олгани маълум қилинганди.

"9 август соат 22:10га кўра Цзючжайгоу уездидаги 7 магнитудали зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар 19 кишини, жароҳатланганлар 343 кишини ташкил қилган", деб айтилган телеканал хабарида.

Маълум қилинишича, 13 киши оғир жароҳат олган, уларнинг аҳволи оғир дея баҳоланган.

Сичуань вилоятининг Нгава-Тибет-Цян автоном округидаги Цзючжайгоу уездида 8 август соат 21:19да 7 магнитудали зилзила юз берди. Бундан кейин мингдан кўпроқ афтершок қайд қилинган.