АҚШнинг Intel корпорацияси АҚШ, Европа ва Исроилда 100 та ўзи бошқарилувчи автомобилни синовдан ўтказиш режасини эълон қилди. Бу ҳақда компания сайтида маълум қилинган.   

"Реал дунё шароитларида машиналар қуриш ва уларни синаш дарҳол унум беради ва тўлиқ автоном автомобиллар учун зарур технологиялар ва ечимларни ривожлантиришни тезлаштиради", деб айтган яқинда корпорациянинг катта вице-президенти лавозимини эгаллайдиган Амнон Шашуа.

Лойиҳа Исроилнинг рақамли тизимлар, жумладан компьютер ёрдамида кўриш тизимини яратиш билан шуғулланувчи Mobileye билан биргаликда амалга оширилади. Синаладиган 100 та автомобиль ичида "турли марка ва турдаги" автомобиллар бўлади.

Ҳозирда бир қатор автокомпаниялар ўзи бошқарилувчи автомобиллар яратиш устида иш олиб боришмоқда. Аввалроқ Intel BMW компанияси билан ҳамкорлик қилаётгани маълум қилинганди. Январда BMW вакиллари компания синовлар учун 40 автомобилни тақдим қилишини айтишганди.