Мамлакатлар ва халқларни бирлаштирадиган ташаббус

Ўзбекистон 10 Август 2017 10708

Глобаллашув жараёнида замонавий коммуникация, логистика марказларини ҳамда турли хабларни ривожлантириш минтақа ва жаҳон тараққиётининг муҳим омилларидан ҳисобланади.

Бугунги кунда ишончли транспорт-коммуникация йўлаклари тизими мавжуд эмаслиги давлатлар равнақига, шу жумладан, Марказий Осиёнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, минтақа мамлакатларининг дунё иқтисодиётига интеграциялашувига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундай шароитда жаҳоннинг йирик бозорларига олиб чиқадиган кўп қиррали транспорт-коммуникация тармоқларини шакллантириш бўйича истиқболли лойиҳаларни тайёрлаш ҳамда амалга ошириш долзарб аҳамиятга эга.

Марказий Осиёнинг юраги бўлмиш Ўзбекистон минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга улкан ҳисса қўшмоқда. ­Юксак салоҳияти, жадал ўсаётган иқтисодиёти билан юртимиз минтақавий транспорт инфратузилмасини шакллантиришда ­муҳим ўрин тутади.

Қадимда Буюк Ипак йўли айнан кўҳна шаҳарларимиз орқали ўтиб, Шарқий Осиёни Ўрта Ер денгизи минтақаси билан боғлаган, ушбу ҳудуд аҳолиси фаровонлиги, маданий-гуманитар алоқаларини мустаҳкамлашда етакчи роль ўйнаган.

Бугунги кунда Буюк Ипак йўлини тиклаш ғоясининг амалий рўёби катта имкониятлар эшигини очади. Бу ғоя тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлашга, иқтисодий ўсиш ва аҳоли турмуш фаровонлигининг юксалишига хизмат қилади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган “Буюк Ипак йўли иқтисодий йўналиши”ни ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бу “Бир макон, бир йўл” концепциясининг ажралмас қисмидир.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз ичида транспорт-инфратузилма коммуника­цияларини ривожлантириш, транзит йўлаклари тизимини яратиш, мавжуд йирик ­халқаро ҳамда истиқболли бозорларга олиб чиқадиган янги ва самарали йўналишларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллий иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини оширишда транспорт-логистика инфратузилмасини равнақ топтириш учун фаол инвестициявий сиёсат олиб бориш муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Шу нуқтаи назардан, “Бир макон, бир йўл” лойиҳасида иштирок этиш мамлакатимизнинг стратегик мақсадларини рўёбга чиқаришда катта ­имконият яратади.

Давлатимиз раҳбари Пекин шаҳрида ўтган “Бир макон, бир йўл” халқаро форумидаги нутқида Марказий Осиёни Хитой ҳамда Россия орқали Жанубий, Жануби-Шарқий Осиё ва Европа мамлакатлари бозорлари билан боғлайдиган транспорт-логистика йўналишларини очиш бўйича ҳамкорлик юзасидан комплекс ҳаракатлар ­дастурини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш аҳамиятини алоҳида қайд этди.

Ушбу ҳужжатга бир қатор лойиҳаларни киритиш таклиф қилинаяпти. Улардан бири Нанкин — Тошкент — Поти — Констанца йўналиши бўйича Европа — Ўзбекистон — Хитой халқаро транспорт йўлаги бўлиб, Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой темир йўли унинг асосий ажралмас қисмига айланиши лозим. Ушбу йўлак Осиё-Тинч океани минтақаси ва Европа бозорларига чиқиш учун энг яқин йўлларни очади, Хитой, Европа Иттифоқи ҳамда Яқин Шарқ мамлакатлари ўртасида транзит юкларини ўтказишдан барқарор даромад олиш имконини беради. Агар ушбу йўлак Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон минтақалараро транспорт коридорига уланадиган бўлса, минтақадаги барча мамлакатнинг транзит даромадлари бир неча карра ортади.

Бундан ташқари, Марказий Осиё — Форс кўрфази трансминтақавий йўналишини Хитой — Қозоғистон — Туркманистон — Эрон темир йўли орқали ўтказиш, Трансафғон коридори бўйлаб эса дастлабки босқичда Мозори Шариф — Маймана — Ҳирот йўналиши (800 км)да темир йўл қуриш, кейинчалик Эроннинг бир қатор портлари (Бандар-Аббос, Чабаҳар)га олиб чиқадиган Термиз — Мозори Шариф — Андхой — Ҳирот — Эрон магистралини кенгайтириш кўзда тутилаяпти.

2010 йилнинг ноябрь ойида “Ўзбекис­тон темир йўллари” АЖ 75 километрлик, умумий қиймати 129 миллион АҚШ доллари бўлган Ҳайратон — Мозори Шариф темир йўли қурилишини якунлади. Ушбу йўл 2011 йили ишга туширилди. Шу маънода, Афғонистон ҳудуди бўйлаб ўтадиган маршрутларни “Буюк Ипак йўли иқтисодий йўналиши”га киритиш мазкур мамлакатнинг трансминтақавий транспорт-коммуникация лойиҳалари ва минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларда тўлақонли интеграциялашувининг пойдевори бўлади.

Президентимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Остона саммитида Марказий Осиёда транспорт ташувларини бошқаришнинг интеграциялашган тизимини ­яратиш таклифини билдирди. Бу таклиф ўзаро транспорт тарифлари, ягона божхона ҳамда бошқа тартиб-таомиллар, юк ташиш хавфсизлигининг бир хиллаштирилган қоидалари, транспорт воситалари ва юклари ҳаракатланиши ахборот таъминоти тизимининг ҳуқуқий ҳамда институционал асосларини ишлаб чиқишни кўзда тутади. Мазкур тизим иқтисодий ўсишга, юкларнинг ишлаб чиқарувчидан истеъмолчига етказиб берилишини тезлаштириш ва арзонлаштиришга олиб келади.

Ушбу мақсадда 2018 йилда Тошкентда “Марказий Осиё халқаро транспорт коридорлари тизимида: стратегик истиқболлар ва ишга солинмаган имкониятлар” мавзуида халқаро конференция ўтказиш режалаштирилаяпти. Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад транспорт коммуникацияларини ривожлантиришнинг умумминтақавий дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишдан иборатдир.

Хулоса ўрнида айтганда, “Бир макон, бир йўл” минтақасида жойлашган давлатлар ҳудудида ишончли транспорт йўлаклари ва логистика марказларини яратиш халқларимизнинг фаровонлигини янада оширишга, минтақа мамлакатлари, шу жумладан, Европа Иттифоқи, Жанубий, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни бундан-да тараққий топтиришга хизмат қилади.

Дилфуза Тўраева,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими.

Кун янгиликлари
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 30124 Жамият
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
11:30 / 18.08.2017 66975 Ўзбекистон
Миллий бренд — Fratelli Casa кийимларининг тарихи, бугунги ютуқлари ва келажак режалари ҳақида
11:05 / 18.08.2017 8820 Жамият
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 128498 Жамият
Отабек Мусаев «Ўзбеккино» раҳбарлигидан кетди
ОАВ: ИШИД Сургутдаги ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди
19:30 1973 Жаҳон
Қашқадарёда учта йирик тиббиёт маркази барпо этилмоқда
NASA улкан астероиднинг Ерга яқинлашишини кўрсатди (видео)
19:10 4611 Жаҳон
«Барселона» «Ницца» футболчиси билан келишувга эришди
19:00 1834 Спорт
Дам олиш куни Ўзбекистонда қандай об-ҳаво кузатилади?
Кўпроқ янгиликлар