Россия мудофаа вазирлиги Қирғизистонга иккита Ан-26 ҳарбий-транспорт самолётини беғараз берди. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири ўринбосари генерал-лейтенант Александр Фомин маълум қилди, деб хабар бермоқда «Интерфакс».

«Биз бугун иккита Ан-26 ҳарбий-транспорт самолёти, шунингдек, улардан фойдаланиш учун зарур бўладиган ер усти қурилмаларини топширмоқдамиз», - деган Фомин Россиянинг Қирғизистондаги Кант авиабазасида техникаларни топшириш маросимида.

Мудофаа вазири ўринбосарининг қўшимча қилишича, Россия ҳар доим ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳадаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратади.

«Бизнинг дўстона ва иттифоқчилик муносабатларимиз Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва тинчликнинг гаровидир», - дея таъкидлаб ўтган Фомин.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев АҚШ ҳарбий базаси бўлгани учун Қирғизистонга ракета зарбалари билан таҳдид қилишганини айтиб ўтганди.