Toshiba 8,8 миллиард долларлик зарарни қайд этди

Иқтисодиёт 10 Август 2017 3099

31 март куни тугаган молиявий йил якунларига кўра, Япониянинг Toshiba концерни 965,7 миллиард иен (8,8 миллиард доллар)лик зарар кўрди, дейилади аудиторлар томонидан текшириб чиқилган ҳисоботда. Бу ҳақида "Интерфакс" хабар берди. 

Аудиторлар молиявий кўрсаткичларни текширишга улгурмагани боис, ҳисобот тақдимоти бир неча марта кўчирилган. Компаниянинг дастлабки баҳоларига кўра, унинг камомади 950 миллиард иенни ташкил қилган. 

Таҳлилчилар Toshiba'нинг ўтган молиявий йилги зарари ўртача 977,4 миллиард иенга етган, дея тахмин қилишаётганди. Бундай сезиларли камомад Америкадаги Toshiba Westinghouse Electric Co. шўъба корхонасининг банкрот деб эълон қилгани билан боғлиқ. 

Toshiba жорий молиявий йилда 230 миллиард иенлик соф даромад ва 40 миллиард иенлик операцион фойдага эришишни кўзламоқда. 

Компания фаолиятини бир маромда ушлаб туриш учун Toshiba ўзининг энг муваффақиятли бизнеси - хотира микросхемаларини ишлаб чиқарувчи бўлимини сотишни режалаштирмоқда. Унга соҳанинг қатор "ўйинчилар"и даъвогарлик қилмоқда, компания унинг сотувидан тахминан 2,1 триллион иен ишлаб олади. 

Бундан ташқари, япон концерни IPO - Landis+Gyr ақлли ҳисоблагичлари ишлаб чиқарувчиси ёрдамида 161,7 миллиард иен жалб қилмоқчи. Toshiba компаниянинг 60 фоизига эгалик қилади. Пайшанба кунги сотувлар давомида Toshiba акциялари 0,7 фоизга қимматлашди. Компания капитализацияси йил бошидан 4,6 фоизга - 1,19 триллион иенгача ошди. 

Кўпроқ янгиликлар