САВОЛ: Тошкент шаҳрида барпо этилаётган янги уйлардан харид қилган бошқа вилоят фуқароларига пойтахтдан пропискага ўтиши мумкинлиги ҳақида ўқиб қолдим. Унинг изоҳларида яъни “тўловни банк ҳисоб рақами орқали амалга оширади”, деб кўрсатилганлиги уй нархни банк орқали ипотека кўринишида тўласа бўладими?

Икромжон Артикбоевич Ҳазраткулов

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 31-моддасига мувофиқ банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар шартномалар асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Мазкур қонуннинг 22-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Акциядорлик тижорат банклари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1998 йил 2 октябрдаги ПФ-2084-сонли Фармони талабларига асосан тижорат банклари кредит операцияларини банк Кенгаши томонидан тасдиқланган «Кредит сиёсати» асосида мустақил амалга оширадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 527-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги 41-сонли «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарорига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Кўчмас мол-мулкни олди-сотди битимларини нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган жисмоний шахслар томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 бараваридан кам бўлмаган янги қурилган кўчмас мол-мулкни ҳисоб-китобни банк ҳисобварақлари орқали амалга оширган ҳолда сотиб олганда ҳам амалга оширилади.

Бунда, янги қурилган кўчмас мол-мулк деганда мулк ҳуқуқи туман (шаҳар) ҳокимининг қурилиши тугалланган бинони ва иншоотни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги комиссия далолатномасини тасдиқлаш ҳақидаги қарори асосида вужудга келган ва уни қабул қилинган пайтдан эътиборан уч йил ўтмаган мол-мулк тушунилади

Саволга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки юридик бошқармаси бош юрисконсульти С.Отахонов жавоб берди

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.