Ўзбекистонда хусусий мулк дахлсизлиги кафолатлаб қўйилган, ҳар ким ўзининг кичик ватанига эга бўлишга ҳақли. Мамлакатда намунали уйлар қурилиши йўлга қўйилиши баробарида фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжи қондириш кўзда тутилган.

Лекин мазкур лойиҳага оид кўпдан-кўп камчиликлар учрамоқдаки, энди бунга кўз юмиб бўлмайди. Бундай уйлар қурилишида маблағлар ўзлаштирилмоқда, яшашга яроқсиз, сифати паст уйлар барпо этилмоқда.

Зангиота тумани, «Туркистон» ҚФЙ, А.Икромов массивида (ўтган ойдаги ўзгаришлардан кейин бу ҳудуд Зангитота туманидан ажралиб, қайта ташкил қилинган Тошкент тумани ҳудудига ўтган, «Кўксарой» ҚФЙ - таҳр.) намунавий уйлар қурилишида очиқ-ойдин масъулиятсизликка йўл қўйилмоқда. Ушбу ҳудудда уйларга буюртма берган фуқаролар қурилиш жараёнидаги сусткашлик ва камчиликлардан қаттиқ норози. «Кун» таҳририятига қилинган мурожаатда ҳокимлик, буюртмачи ва пудратчи «учбурчаги» фуқароларни сарсон қилиб келаётгани баён этилган.

«Намунасиз уй»

Муаммоларимни батафсил ёзмайман, чунки агар батафсил ёзсам унинг асосида «Намунасиз уй» деган миллий сериал олиш мумкин бўлади.

Мен Бакиров Отабек Орифович 1979 йилда туғилганман. Оилалиман. Икки нафар фарзандим бор. Ўз шахсий уй-жойим йўқ, квартирада ижарада тураман.

Намунавий лойиҳа асосида Тошкент вилоят Зангиота тумани Туркистон ҚФЙ Акмал Икромов массивида 14- уй бўйича «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Тошкент вилоят филиали билан 2015 йил 21 июлдаги 12- сонли Дастлабки ва 2016 йил 20 февралдаги уй-жой қуришга буюртмачи функциясини амалга ошириш бўйича Асосий шартнома имзолаганман. Пудратчи – «Halim Lyuks stroy» ХК.

2016 йил май ойида белгиланган массивда намунали уй қурилиши бошланди. Муаммо шундаки, қурилиши ишлари бошлангандан буён амалга оширилаётган қурилиш ишлари ўта сифатсизлигидан хунобим чиқади. Бу борада Пудратчи ташкилот - «Halim Lyuks stroy» ХК ва буюртмачи - «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ вакилларига доимий равишда ўз эътироз ва шикоятларимни оғзаки ва ёзма равишда билдириб келганман. Қурилиш ишлари бошлагандан буён ишлар турли ва тинимсиз алмашиниб турган ишчи-бригадалари томонидан амалга оширилди, масалан, ғишт терувчига эътироз билдирсанг, пойдевор қуйганни айблайди, қора сувоқдан шикоят қилсанг, ғишт терувчини айбдор кўрсатади, пол қилгандан шикоят қилсанг, стяжка қуйгандан сўра дейди в.ҳ.к. Яъни, ҳамма ўзича оппоқ ва ҳамма босқичда гўёки ундан аввалги ишларни бажарганлар айбдор. Биргина менга тегишли уйда қурилиш ишлари бошлангандан тугагунга қадар 15дан ортиқ ишчи бригада алмашди.

2016 йил сентябрь ойида мамлакат раҳбарининг виртуаль қабулхонасига ташкил этилгач, қабулхонага жами 3 марта шикоят билан мурожаат қилдим. Барча шикоятларимнинг маъно мазмуни шу намунали уйнинг қурилиши, қурилиш сифати, шартнома мажбуриятлари билан боғлиқ эди. Афсуски, биронта шикоятим ўз ечимини топгани йўқ. Ҳар қандай ҳаракатим ва эътирозларим Ҳокимлик, Буюртмачи ва Пудратчи учбурчаги ичида изсиз, ижросиз йўқ бўлиб кетди ва кетмоқда. Қуйи бўғиндаги раҳбар ва раҳбарчалар халқнинг тушунчасига «Порталга қанча мурожаат этма, бундан натижа чиқмайди, чунки муаммонинг ижроси барибир менга етиб келади» қабилидаги ақидани сингдирмоқчи бўлаётгандек, шу йўл билан виртуаль қабулхона механизмини обрўсизлантириб, унинг самарасини йўққа чиқаришмоқчи бўлишаётгандек назаримда.

Бугунги кунга келиб умумий аҳвол қуйидаги қолмоқда (русча айтганда «сухой остаток»):
1) Намунали уй қурилиши чала қолган, яъни қурилиш охиригача битказилмаган. Буни Буюртмачи - «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ҳам, Пудратчи - «Halim Lyuks stroy» ХК ҳам тан олган. Пудратчи ташкилот билан 2016 йил 17 декабрда бу ҳақда Далолатнома тузилган, Буюртмачи билан қурилишдаги камчиликларни 2017 йил 10 апрелга қадар бартараф этиш тўғрисида 2017 йил 9 февралда Қўшимча битим имзоланган. Афсуски орадан ярим йил ўтганига қарамай, на Буюртмачи, на Пудратчи томонидан қуруқ ваъдалардан бўлак, бирон ҳаракат амалга оширилгани йўқ. Ўтган даврда мавжуд камчиликларга қўшимчасига деворлар нурай бошлади, бетон йўлаклар кам цемент қўшилганидан ё ювилиб, ё чўкиб кетган.
2) Ҳозирда намунали уй қурилган массивда на сув, на газ ва на электр бор. Йўлда юрсангиз белингизгача тупроққа ботасиз, йўлга кириб қолган одам тугул, машина ҳам қайтиб чиқа олмайди. Бу ҳақда «Тошкент» телеканалида махсус кўрсатув ҳам қилинди, «Кун.уз» сайтида мақола ҳам чиқди, лекин шундан кейин ҳам ҳеч нима ўзгаргани йўқ.
3) Уй қурилишидан аввал барча шартномаларда (Дастлабки, Асосий, кредит шартномалари, далолатномалар) Туркистон ҚФЙ кўрсатилган. Энди маълум бўлишича, бизнинг массивда қурилган намунали уй-жойлар аслида ҳудуд бўйича Туркистон ҚФЙ эмас, Кўксарой ҚФЙга тегишли экан. Шу ҳолатни рўкач қилиб туман Ер кадастр хизмати кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришни пайсалга солиб келмоқда. Кадастрдан сўрасанг ҳокимиятни, ҳокимиятдан сўрасанг банкни, банкдан сўрасанг - «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖни айбдор қилади. Ваҳоланки ўтган 2 йил давомида барча ҳужжатларда, шартномаларда бизнинг массив Туркистон ҚФЙ Акмал Икромов массиви деб кўрсатиб келинган. 2015 йилда 2016 йил дастури бўйича намунали уй-жой қурилиши дастури киритилганда «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ, туман ҳокимияти, Ер кадастри мутасаддилари қаёққа қараган. Наҳотки шунча вақт давомида барча мутасаддилар буни эътиборсиз қолдирган? Майли, иш бор жойда хато бўлади. Лекин наҳотки шу техник хатоликни бартараф этиш шунчалар қийин? Ҳудуд номини тўғри киритмаслик билан боғлиқ битта бюрократик хатони деб 7 ойдан буён кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмай ётибди.
4) Буюртмачи - «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ, Пудратчи- «Halim Lyuks stroy» ХК билан имзоланган Авизога кўра намунали уй қиймати 189 млн сўмга тушган, мен эса Дастлабки бадал, Якуний тўлов ва Кредит маблағлари ҳисобига жами бўлиб 193 млн сўм тўлаганман. Буюртмачи - «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ уйнинг ҳақиқий қиймати ва ортиқча тўланган сумма ўртасидаги 4 млн сўмлик фарқни ҳалигача ҳисобимга қайтаргани йўқ.

Гап шундаки, юқорида кўрсатилган муаммолар биргина менга тааллуқли эмас.  Массивдаги бошқа уй-жойлар эгалари ҳам кўрсатилгани каби бартараф этилмаган муаммо ва камчиликлардан азоб чекиб келишмоқда. Уларнинг орасида ҳеч қандай шароити бўлмаса ҳам, имконсизлик ва молиявий муаммолар сабаб битмаган уйларга кўчиб кирганлари ҳам бор. Болали аёллар, ёш болалар бир неча километрдан сув ташиб ичишмоқда, ўтин териб овқат тайёрлашмоқда, уларнинг аҳволини кўриб, йиғлагим келади. Эртага қиш келса, нима бўлади? Улар ҳеч шикоят қила олмайдилар, дардини достон қила олмайдилар. Шу сабабли менинг ушбу мурожаатимни, гарчи бу шикоят бўлса ҳам, шикоятдан кўра намунали уйлар борасидаги кўпроқ умумий аҳволимиз тўғрисидаги изоҳ ёки хавотир сифатида қабул қилсангизлар.

«Кун» ижодий гуруҳи ушбу массивда бўлди ва аҳволни кўздан кечирди.

Қуйидаги тасвирларда плиткалар тўкилиб тушгани, трубаларни ишга тушмасдан ямашга тўғри келгани, стяжка ишлари бутунлай сифатсиз амалга оширилгани, девор қийшиқ тиклангани туфайли эшиклар ёпилмаслиги, ёпилса, очилмаслиги, деворлар тўкилиб туша бошлагани, йўлаклар цемент етарлича ишлатилмагани туфайли уваланиб кетганига гувоҳ бўлиш мумкин:

Трубаларни ишга тушмасдан ямашга тўғри келган.

Чумолилар пол остига тўкилган қумни ташқарига ташимоқда.

Аҳвол шундай. Бундан бадтари ҳам бўлиши ҳам мумкин. Пойтахт яқинидаги вазиятга қараб туриб, республиканинг чекка ҳудудларида аҳвол қандайлигини тасаввур қила олиш мумкин. Айрим мутасаддилар халқни алдаб, пулларини ўмариб, норози қилмоқда.

Акмал Икромов массивидагилар Тошкент вилояти ҳокими Шукрулло Бобоев, Тошкент ва Зангиота туманларининг янги раҳбарлари Ҳотамбек Шокиров ва Абдуваҳоб Тамекаев бу ҳолатга эътибор қаратишини, муаммони узил-кесил ҳал қилиб беришини кутмоқда.

Демак, бу ўринда бажариш шарт бўлган учта иш мавжуд:
1). Буюртмачи «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ва пудратчи «Halim Lyuks stroy» қурилиш ишларини охиригача етказиши керак.
2). Ҳудуддаги инфратузилмаларни (газ, электр, йўл, ичимлик суви) масалаларини ҳал қилиш керак.
3). «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ уйнинг ҳақиқий қиймати ва ортиқча тўланган сумма ўртасидаги 4 млн сўмлик фарқни қайтариши (ҳар бир уй эгасига) керак.

Қиш яқин.