Вазирлар Маҳкамасининг 31.07.2017 йилдаги 563-сон қарори билан  2017-2021 йилларда дерматовенерология хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури маъқулланди, деб хабар бермоқда Norma.uz.

Унинг асосий йўналишлари:

•  дерматовенерология ва тиббий косметология соҳасида тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
•  дерматовенерологик касалликлар ва уларнинг асоратларини профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш чора-тадбирларини такомиллаштириш;
•  аҳолининг дерматовенерологик касалликларни ташхислаш ва даволашнинг замонавий юқори технологияли услубларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш;
•  кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, дерматовенерология ва тиббий косметология соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;
•  дерматовенерология хизмати муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.

Дастур доирасида Қашқадарё, Навоий, Сирдарё тери-таносил диспансерлари ҳамда Шаҳрисабз вилоят тери-таносил касалхонасининг қурилиши кўзда тутилган. Яна 11 та шундай объектлар реконструкция қилинади ва 1 таси капитал таъмирланади.

Дастурни молиялаштиришнинг умумий ҳажми – 57,6 млрд сўм ва 6 млн АҚШ доллари.

Шу билан бирга келгуси йилда қуйидагилар ташкил этилади:

1 – вилоят марказларидан узоқда жойлашган аҳолини тўлиқ қамраб олишни ҳисобга олган ҳолда Бекобод шаҳри, Денов, Тўрткўл ва Янгиқўрғон туманларида туманлараро тери-таносил касалликлари диспансери.

2 – Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидаги дерматовенерология ва тиббий косметология экспериментал илмий лабораторияси.

У мазкур соҳада замонавий илмий ютуқларни ривожлантириш ва татбиқ этиш, эпидемиологик ҳолат мониторинги ҳамда дерматологик касалликлар ва уларнинг асоратларини профилактика қилишнинг самарали дастурларини ишлаб чиқиш бўйича мувофиқлаштириш-услубий ишлар билан шуғулланади.