Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов «Марказий Осиё – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши» номли халқаро конференцияда иштирок этиш учун Тошкентга ташриф буюрган БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (МОПДММ) раҳбари Петко Драганов билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берган.

Суҳбат чоғида икки томон дипломатлари ўткизилажак форум мавзуси юзасидан фикр алмашишди. Шундан сўнг, Ташқи ишлар вазири «Марказий Осиё - Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши» мавзусида ташкил этилган халқаро анжуман иштирокчиларини самимий қутлаб, табрик сўзи билан анжуман иш фаолиятини очиб берди.

«Марказий Осиё мамлакатларининг ҳар бири билан умумий чегарага эга бўлган Ўзбекистон минтақада хавфсизлик ва барқарорликнинг ҳукм суришидан, ривожланиш ва яхши қўшничилик алоқалари мустаҳкамланишидан манфаатдор эканини таъкидлаб ўтмоқчиман. Қўлга киритилган ютуқларга бирма-бир тўхталиб ўтмайман, айтиш мумкинки, биз минтақада янги сиёсий муҳитни ярата олдик», - дейди вазир.

Шунингдек, Абдулазиз Комилов қўшни Афғонистон муаммосига тўхталиб ўтиб, унинг ечими хусусида фикр билдирди:

«Афғонистонда барқарорликни таъминлаш фақат иқтисодий ривожланиш орқали қўлга киритилиши мумкин. Бундай мақсадни рўёбга чиқариш учун минтақадаги қолган давлатлар ҳам фаол бўлиши керак», - дейди у.